15:09 / 06.10.2020
3 136

Паркент ҳокимияти ҳоким ўғлидан сотиб олинган «Каптива»ни қайтариб берди

Паркент ҳокимияти ҳоким ўғлидан сотиб олинган «Каптива»ни қайтариб берди
Паркент туман ҳокимияти ҳоким ўғли таъсис этган «Mega Karer» МЧЖдан сотиб олинган автомобилни фирмага қайтариб берди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов маълумот берди.

6 октябрь куни агентлик томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида Акмал Бурхонов Паркент туман ҳокимлигининг давлат хариди юзасидан суриштирув тафсилотлари ҳақида жамоатчиликка маълумот берди.

Таъкидланишича, жиноят иши доирасида тегишли идораларнинг малакали мутахассисларидан иборат комиссия томонидан ўлчов ва тафтиш ишлари давом эттирилмоқда. Айбдор шахсларни аниқлаш билан бирга етказилган зарарнинг қопланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

«Текширишлар давомида «Давлат харидлари тўғрисиди»ги қонун талаби бузилгани, хусусан автомашина сотиб олишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани аниқланган. Натижада туман ҳокимининг автомашина сотиб олиш тўғрисидаги фармойиши бекор қилинган ва «Mega Karer» МЧЖ томонидан 260 миллион сўм пул маблағлари туман ҳокимлиги ҳисоб рақамига қайтариб ўтказиб берилган. Ҳозирда Тошкент вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув давом этмоқда», — деди агентлик директори Акмал Бурхонов.

Тошкент вилояти Паркент тумани ҳокимлиги «Mega Karer» МЧЖдан «Каптива» русумли автомобиль 260 млн. сўмга сотиб олингани, сотувчи ва сотиб олувчи мансабдор шахс яқин қариндошлик алоқаларига эга экани ҳақида маълумот тарқалганди.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳақиқатдан ҳам Паркент тумани ҳокимлиги «Каптива» автомобили харид қилган ва воситачи корхона таъсисчиларидан бири туман ҳокимининг ўғли эканлигини тасдиқлаган. Шундан сўнг, Коррупцияга қарши кураш агентлиги мазкур иш юзасидан Бош прокуратурага сўров юбориб, ундаги коррупцион ҳолатларни ўрганишини билдирган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Паркент ҳокимияти ҳоким ўғлидан сотиб олинган «Каптива»ни қайтариб берди