date
views 5 621

Тошкентда ухлаётган итга қайноқ сув тўккан хавфсизлик ходими ишдан олинди

Тошкентда ухлаётган итга қайноқ сув тўккан хавфсизлик ходими ишдан олинди
Фото: «Меҳр ва Оқибат» нодавлат нотижорат ташкилоти
Тошкент шаҳрида ухлаётган итга қайноқ сув тўккан корхонанинг хавфсизлик ходими ишдан бўшатилди, дея хабар бермоқда «Меҳр ва Оқибат» нодавлат нотижорат ташкилоти.

Қайд этилишича, Тошкентдаги корхоналардан бирининг хавфсизлик ходими ухлаётган итга чойнакдаги қайноқ сувни тўккан. Шундан сўнг «Меҳр ва Оқибат» нодавлат нотижорат ташкилотининг аъзолари ушбу корхонага ташриф буюрган. Ташкилотга бу ҳолат ҳақида хабарни ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаоллар маълум қилган.

Ташкилот ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мазкур ҳолат юзасидан ариза билан мурожаат қилган.

Корхона мутасаддилари ходим билан суҳбатлашган ва натижада ходим ишдан бўшатилган. Кейинчалик ташкилот ходимлари ҳайвонни ветеринарга олиб борган ва яралари битгач ит хизмат жойига қайтишини айтган.

«Биз барчани дарҳол жалб қилишнинг иложи йўқлигини тушунамиз, аммо ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик жазосиз қолмаслиги учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширамиз. Бефарқ бўлмаганларга ва ушбу масалада иштирок этганларга миннатдорчилик билдирамиз», – дейилади ташкилот хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил Самарқандда ит ва мушукларни заҳарлаб ўлдирган мансабдор шахслар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилганди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда ухлаётган итга қайноқ сув тўккан хавфсизлик ходими ишдан олинди