07:34 / 31.10.2020
2 499

«UzAuto Motors» судда ютди, бироқ...

«UzAuto Motors» судда ютди, бироқ...
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси «UzAuto Motors» АЖда қонун ҳужжатлари талаблари асосида текшириш ўтказилганлиги, бунинг натижасида корхонани енгил автомобиллар нархини асоссиз оширган деб топиб, машина баҳоларини тушириш ва ортиқча олинган маблағни истеъмолчиларга қайтариш вазифасини юклаганди.

Ўз навбатида «UzAvto Motors» АЖ Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарори устидан Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят аризаси киритиб, қўмита махсус комиссиясининг 21/31-сонли иш буйича 19.08.2020 йилдаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраганди.

Қарийиб бир ой давом этган суд мажлиси бугун якунига етди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, Тошкент шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 30 октябрдаги ҳал қилув қарори билан аризачи «UzAuto Motors» АЖнинг жавобгар Монополияга қарши курашиш қўмитасига нисбатан Махсус комиссиясининг 21/31-сонли иш бўйича 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси қаноатлантирилди.

Қисқаси, «UzAuto Motors» АЖ судда ютди.

Агар суднинг мазкур қарори жавобгар томоннинг шикояти асосида юқори инстанцияларда ҳам кўрилиб, ўзгаришсиз қолдирилса, монопол корхона ишлаб чиқараётган автомобилларнинг оширилган нархи шу ҳолича қолаверади. Яқин келажакда эса нархлар янаям кўтарилмаслигига кафолат йўқ.

Суд қароридан «UzAuto Motors» АЖдан бошқа ҳеч кимнинг, хусусан, истеъмолчиларнинг хурсанд бўлмаслиги эҳтимоли юз фоизга тенг. Чунки ўзимизда ишлаб чиқарилаётган машиналарнинг на нархи, на сифати мақтанишга арзигулик?! Юртдошларимизнинг эса «UzAuto Motors» аталмиш монопол корхона маҳсулотидан бошқасини сотиб олиш имконияти чегараланган.

Шундай экан, адолат қарор топди, дейишга тил борадими?!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)