18:00 / 04.11.2020
1 991

Оғуфурушнинг қилмишларига чек қўйилди

Оғуфурушнинг қилмишларига чек қўйилди
Гиёҳвандлик аср вабоси! Дарҳақиқат бу иллатнинг қанчалик даҳшатли эканлиги унинг неча-неча оилаларнинг ёстиғини қуритганлиги, қанчадан қанча бегуноҳ гўдакларнинг ногирон бўлиб туғилиши ва уларнинг етим ўсишига сабабчи бўлаётганлиги бунга ёрқин мисолдир.

Фарзанд - Аллоҳнинг неъмати. Ҳар бир инсон фарзандли бўлганида нақадар бахтли бўлади! Лекин фарзанд тарбияси кишига барча ишларидан кўра кўпроқ маъсулият юклайди.

Миржалол ёшлигидан шўх, шаддод бола эди. Оилада ягона ўғил фарзанд бўлганлиги учун отаси Ғанижон ака уни жуда эркалатиб юборганди. Опалари эса уни бошида кўтариб, ер-у кўкка ишонишмасди. Шу зайл у катта бўлиб мактабга борди. Мактабда ҳам, коллежда ҳам тўполончи, безори, ярамас бола бўлди. Ота-оналар мажлисига борганда, “Бола бўлса-шўх бўлсин” “Ўғил бола шўх бўлади-да!” – деб устозларини гапига қулоқ солмасди. Коллежни битиргандан сўнг, отаси “Матиз” русумли автомашина олиб берди. Миржалол таксичилик қилди. Шунда ҳам автоҳалокат содир этди. Унга нисбатан жиноят иши ЖКнинг 661- моддасига кўра ярашув асосида тугатилганди.

Миржалолнинг охирги пайтларда хаёли жойида эмас, гарангсираб, кўп товдирайдиган, уйқусида ҳам ҳаловат йўқ эди. Миржалол Андижонга кўп борадигна бўлиб қолди. Аёли ҳам, отаси ҳам сўраса “иш юзасидан” деб борадиган бўлди. Энди у гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланадиган гуруҳларга қўшилиб колган эди.

2020 йил октябрь ойининг 6 куни, жиноят ишлари бўйича Нурота туман суди очиқ суд мажлиси судья З.Ибрагимовнинг раислигида судланувчи Абдуллаев Миржалол Ғанижоновичга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқди.

Судланувчи М.Абдуллаев, 2020 йил 12 март куни соат 09:30 ларда қисми алоҳида иш юритувга ажратилган шахс билан бир гуруҳ бўлишиб, олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, унинг терговда аниқлаш имкони бўлмаган уяли телефон рақамига ўзининг +(91)334-11-35 абонент рақамидан қўнғироқ қилиб, бошқарувидаги давлат рақами 60E 989 GA бўлган “Ласетти” русумли автомашинада Нурота туманидан Андижон вилояти Қўрғонтепа туманига “трамадол ланнахер” гиёҳвандлик воситаси ва “Pfizer PGN 300” кучли таъсир қилувчи моддасини сотиб олиш учун бораётганлигини маълум қилган.

Шундан сўнг, у жиноий ҳаракатларини амалга ошириш мақсадида, 2020 йил 13 март куни қисми алоҳида иш юритувга ажратилган шахснинг терговда аниқлаш имкони бўлмаган уяли телефон рақамига ўзининг +(91)334-11-35 абонент рақамидан қўнғироқ қилиб, белгиланган жойга етиб келганлигини, “трамадол ланнахер” гиёҳвандлик воситаси ва “Pfizer PGN 300” кучли таъсир қилувчи моддасини олиб келишини айтган ва орадан бир мунча вақт ўтиб, соат 08:30 ларда, унинг ёнига келиб учрашган 2000-2005 йилларда Андижон вилоятида туғилган, дастлабки тергов давомида шахсини аниқлаш имкони бўлмаган шахсдан Навоий вилояти ИИБ Эксперт-криминалистика бўлимининг 2020 йил 14 март кунги 29-сонли хулосасига кўра, 100 дона блестерда бўлган жами 996 дона, соф оғирлиги 49,8 грамм бўлган “трамадол ланнахер” гиёҳвандлик воситасини ўрталарида олдиндан бўлган келишувга мувофиқ 6.000.000 сўм эвазига сотиб олган.

Нурота туман ИИБ ва ДХХ Навоий вилояти бошқармасининг Нурота туман бўлинмаси тезкор ходимлари томонидан туман ҳудудида ўтказилган “Тозалаш антитеррор” тезкор тадбири давомида М.Абдуллаев ноқонуний гиёҳвандлик воситаси савдосида гумонланиб, ўз бошқарувида бўлган давлат рақам белгиси 60Е 989 GA, “Ласетти” русумли автомашинасида Нурота тумани ҳудудидаги Самарқанд-Нурота 4R 55-автомобиль йўлининг 121 километрида ҳаракатланиб келаётганида, туман ИИБ ЙХҲГ ходимлари томонидан тўхтатилиб, автомашина салони кўздан кечирилганида, автомашинанинг олд ўриндиғи чўнтагида турган қора рангли целофан пакетга ўралган, 100 дона блестерда бўлган жами 996 дона “трамадол ленахер” гиёҳвандлик воситаси ва “неодерм” номли қутида 28 дона “Pfizer PGN 300” номли кучли таъсир қилувчи моддаларни келгусида ўтказиш мақсадини кўзлаб, қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги аниқланиб, ашёвий далиллар билан жиноят устида қўлга олинган.

Суд иш ҳужжатларини атрофлича ўрганиб чиқиб, далилларга баҳо бериб, судланувчи Абдуллаев Миржалол Ғанижоновичга нисбатан 273-моддаси 3-қисми “б” банди ҳамда 2511-моддаси 2-қисми билан ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил муддати 5 (беш) йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 96-моддасига асосан судланувчи гиёҳвандликдан тиббий йўсиндаги мажбурий даволаниш чораси қўлланилди.

Аслида, судланувчи М.Абдуллаевнинг воқеаларнинг бундай ривожини кутмаганлиги, гиёҳвандлик моддасини ўзининг истеъмоли учун олиб келганлиги, қилмишидан пушаймонлиги такрорланаётган бўлсада, энди унинг қилмишига яраша жазо кутмоқда.
Зеро, “Қилмиш-қидирмиш!” деган нақл бежизга айтилмаган.

Зафар Ибрагимов,
Жиноят ишлари бўйича
Нурота туман суди раиси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Оғуфурушнинг қилмишларига чек қўйилди