18:30 / 06.11.2020
540

Тошкентда йўл ҳаракати жамияти тузилди. У йўл белгилари ревизиясини бошлаган

Тошкентда йўл ҳаракати жамияти тузилди. У йўл белгилари ревизиясини бошлаган
Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги жамияти номли янги жамоат бирлашмаси пойтахт Адлия бошқармасида рўйхатдан ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz хабар бермоқда.

Янги жамият ташаббускор фуқаролар томонидан, ихтиёрийлик асосида, нодавлат-нотижорат ва ўзини ўзи бошқариш ташкилоти сифатида ташкил этилган, деб маълум қилинди 6 ноябрь куни ташкилотчилар ўтказган матбуот анжуманида.

Таъкидланишича, жамият аъзолари – кўп йиллик билим ва тажрибага эга ДЙҲХ ходимлари ва йўл ҳаракати қоидалари бўйича мутахассислардан иборат. Жамиятнинг асосий мақсади – йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшиш.

Фаолларга кўра, кўчада юрганда муаммоли ҳолатларга истамаган тарзда дуч келиш мумкин; жумладан, инспектор ва ҳайдовчи, инспектор ва пиёда, инспектор ва йўловчи ўртасида баҳсли ҳолатлар бўлиб туради. Шундай вазиятларда масалага ойдинлик киритиш учун жамиятга мурожаат қилиш мумкин.

Жамиятнинг вазифасига йўллардаги ҳаракат хавфсизлигига хизмат қилувчи йўл белгилари, йўл чизиқлари, светофорлар ишида кузатиладиган камчиликларни ўрганиш ҳам киради.

Фуқаролар ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш йўналишида ўзларини қизиқтирган ҳар қандай масалалар бўйича мутахассисларга мурожаат қилиб, амалий ва ҳуқуқий ечимларни топишда жамият хизматидан фойдаланишлари мумкин. Бунинг учун жамиятга аъзо бўлиш ҳамда ойлик аъзолик бадалини тўлаш лозим. Аъзолик бадали 10 000 сўм этиб белгиланган ва шундан сўнг фуқарога жамиятга аъзолик ҳақида гувоҳнома берилади.

«Бугунги кунда кўчаларимизда юзага келаётган тирбандликлар Йўл ҳаракати қоидаларининг тегишли бандларига зарур ўзгартиришлар киритишни талаб этмоқда. Қоидаларимизнинг айрим бандлари ҳозирги кун талабларига жавоб бермайди. Булар жамият мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиб, қонуний ечим топилади», – дейди жамият бош мутахассиси Мансуржон Рихсиев.

Рихсиевнинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳрида тўхташ, тўхтаб туриш тақиқлангани акс этган йўл белгилари жуда кўпайиб кетган. Бирор ташкилотга кирмоқчи бўлган киши уловини қўйишга жой тополмайди. Тақиқланган жойга қўйиш эса жаримага сабаб бўлади.

Маълум қилинишича, янги ННТ бир қанча ташкилотлар билан ҳамкорликда йўл белгилари ревизиясини бошлаган. Ишга ҳомийларни жалб қилган ҳолда автотураргоҳларни кўпайтириш ва йўл белгиларини камайтириш устида иш олиб борилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)