07:00 / 07.11.2020
2 157

«Уларга истаган ойлик ва шароитини қилиб беришга тайёрман» – Шавкат Мирзиёев хориждаги ўзбек шифокорлари ҳақида

«Уларга истаган ойлик ва шароитини қилиб беришга тайёрман» – Шавкат Мирзиёев хориждаги ўзбек шифокорлари ҳақида
Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларга бағишланган йиғилишда хорижий давлатларга ишлаш учун чиқиб кетган шифокорлар ва уларни Ўзбекистонга қайтариш ҳақида гапирди.

«Кўплаб тажрибали, билимли шифокорларимиз ҳозир араб мусулмон ва дунёнинг бошқа давлатларида юрибди. Нега? Чунки, уларга ўз вақтида шароит қилиб бермадик, етарли ойлик бермадик. Агар уларни қайтара олганимизда эди, бугунги тиббиёт тизимимиздаги энг катта муаммоларимизни ҳал қила олган бўлардик.

Мен уларга истаган ойлиги ва шарт-шароитини қилиб беришга тайёрман. Ҳозир одамларимиз касалликларини даволаш учун Ҳиндистон, Туркия, Россия ва Германия каби давлатларга боришмоқда. Нега? Чунки шу касалликларни даволай оладиган шифокорлар ўша ёқда
», деган президент.

Давлат раҳбари шунингдек, бу борада ҳокимлардан ташаббус кутишини ҳам қўшимча қилган.
«Бир ҳоким ўн нафардан тажрибали ва билимли шифокорни Ўзбекистонга қайтара олса, мен улардан рози бўламан», деди президент.

Давлат раҳбари видеоселектор йиғилиши Тиббиёт ходимлари куни арафасида ўтказилаётганини таъкидлаб, соҳанинг барча вакилларини байрам билан табриклади.

«Бугунги давр талаби шундайки, байрам кунлари, тантанали айёмларда ҳам, ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган турли муаммолар ҳақида ўйлашимиз, уларнинг самарали ечимларини топишимиз зарур. Барча соҳалар қатори тиббиёт тизими олдида ҳам ғоят мураккаб вазифалар юзага келмоқда. Инсон саломатлиги учун ўзини масъул ва жавобгар деб ҳисоблайдиган ҳар бир тиббиёт ходими билим ва малакасини доимий ошириб бориши, янги технологиялар ва даволаш усулларини ҳар томонлама пухта эгаллаши энг ўткир масалага, ҳаётий заруратга айланмоқда.

Аминманки, Абу Али ибн Синодек буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари, Ўзбекистон тиббиёт мактаби анъаналарининг давомчилари бўлган сиз, азизлар, ўз фаолиятингизни ана шундай юксак мезонлар асосида ташкил этиб, олижаноб бурчингизни бундан буён ҳам шараф билан адо этасизлар
», – деган президент.

Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, соҳа ходимларининг меҳнатини муносиб қадрлаш, малакали кадрлар тайёрлаш, хорижий тиббиёт марказлари ва олийгоҳлари билан илмий-амалий ҳамкорликни кучайтириш масалалари давлатнинг доимий эътиборида бўлиши таъкидланди.

Пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб бу курашга 100 мингдан зиёд тиббиёт ходимлари сафарбар этилгани, улар ўзларини аямасдан, жонларини гаровга қўйиб, ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатаётгани эътироф этилди.

«Ишонаман, жонкуяр шифокорларимиз бугунги белгиланган вазифаларни ҳам фидойилик ва матонат билан, бор билим ва тажрибаларини ишга солиб, албатта уддалайдилар. Энг катта бойлик бўлган халқимиз саломатлигини сақлашда ҳақиқатда жонбозлик кўрсатадилар», деган Шавкат Мирзиёев.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Уларга истаган ойлик ва шароитини қилиб беришга тайёрман» – Шавкат Мирзиёев хориждаги ўзбек шифокорлари ҳақида