date
views 1 936

«Ким Ўзбекистонда миллатни соғлом қилади? Фақат шифокорлар»

«Ким Ўзбекистонда миллатни соғлом қилади? Фақат шифокорлар»
Президент матбуот хизмати тиббиёт ходимлари касб байрамига атаб видеоролик тақдим этди. «Меҳнатингиз қадри баланд, Ибн Сино издошлари!», деб номланган ушбу видеороликда Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт ходимлари ҳақидаги нутқи ҳам келтирилган.

«Абу Али ибн Синодек буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари, Ўзбекистон тиббиёт мактаби анъаналарининг давомчилари бўлган сиз азизлар ўз фаолиятингизни, олижаноб бурчингизни бундан буён ҳам шараф билан адо этасизлар, деб ишонаман. Замонамизнинг чинакам қаҳрамонлари бўлган сиз тиббиёт ходимлари билан барчамиз фахрланамиз. Жуда кўп қадамлар қўйдик, жуда катта заминлар яратдик, жонажон Ўзбекистонимизнинг, янги Ўзбекистонимизнинг эртанги кунида жуда катта маррани ким бажара олади, фақат соғлом зурриёт, соғлом миллат бажара олади. Ким Ўзбекистонда миллатни шундай соғлом қилади? Фақат шифокорлар», — деган Президент.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси ҳар йили Тиббиёт ходимлари куни сифатида нишонланади. Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш масаласида ўтказилган йиғилишда соҳанинг барча вакилларини касб байрам билан табриклаганди.

Давлат раҳбари раислигида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистонда Сирдарё мисолида кафолатланган тиббий хизматлар ва дори воситалар пакетлари ишлаб чиқилиши, оилавий шифокорга ёрдам берадиган «тиббиёт бригадалари» ташкил этилиши, чекка ҳудудлардаги муассасаларга ишга кирган тиббиёт ходимларига 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағи берилиши маълум қилинган.

Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида «тиббиёт кластерлари» ташкил этилиши белгилаб олинган. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш масаласида ўтказилган йиғилишда бирламчи бўғиннинг камида 50 фоиз иши аҳолини тўғри овқатланиш ва жисмоний тарбияга ўргатиш бўлиши лозимлиги таъкидланган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Ким Ўзбекистонда миллатни соғлом қилади? Фақат шифокорлар»