12:41 / 15.11.2020
2 762

Президент Қашқадарёдаги сувга масъул раҳбарларни ишдан олишни буюрди

Президент Қашқадарёдаги сувга масъул раҳбарларни ишдан олишни буюрди
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида вилоятда сувга масъул раҳбарлар фаолияти танқид қилинди ва барчаси ишдан олиниши лозимлиги таъкидланди, дея хабар берди «Дарё» нашри.

Маълум бўлишича, давлат раҳбарининг вилоятдаги сув тақсимотидан кўнгли тўлмаган.

«Вилоятдаги экинларни суғоришга 20-25 фоиз кўп сув сарфланган. Нимага ер шўрланган? Нимага десангиз, сувнинг ҳисоби йўқ. Ўзи таҳлил қилинса, Ўзбекистон шароитидан энг қиммат нарса бу — сув. Айниқса, Қашқадарё вилоятида. Вилоятдаги ерларга ўзимиз кўп сув бериб шўрлантиряпмиз. Нимага десангиз, сув хўжалигининг на бирорта раҳбари бор, на ўз устида ишлаши бор, жаноб Ҳамраев, (сув хўжалиги вазири) на фикри. Юрибсан бу ноинсофлар билан сув хўжалигига катта-катта бинолар қуриб. Умринг узоқ бўлмайди агар Қашқадарёда Қорақалпоғистонда айтган нарсанг бўлмаса. Менга қоровул бўладиган вазир керак эмас», — деган Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбарининг маълумот беришича, вилоятда ерларни нотўғри суғориш оқибатида мавжуд экин майдонларининг 45 фоизи шўрланган. Айниқса, бу борада Муборак, Ғузор, Нишон ва Косонда аҳвол жуда оғир. 38 минг гектар майдон фойдаланишдан чиқиб кетган. Томчилатиб суғориш жами суғориладиган майдоннинг бор-йўғи 2,4 фоизида жорий қилинган.

Президент сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраевга Қашқадарёда сувга масъул раҳбарларни ишдан олишни буюрган.

«Эски ишламайдиган одамларни сувга раҳбар қилиб қўйиб, ура-ура қилиб юрсанг, сениям ҳайдавораман, уларниям. Менга керак эмас бунақа раҳбарлар. Ёшларни олиб келиб қўяман. Ҳамманг катта-катта ойлик олиб юрибсан, аммо натижа йўқ. Эртага халққа нима деб жавоб берамиз. Ҳаммасини ишдан оласан, жаноб Ҳамраев, ҳаммасини. Ишлайман деган одамни қўясан сувга», — деган Президент.

Давлат раҳбари бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниевга мурожаат қилиб, вилоятда сувга масъул раҳбарни тайинлашда ўзбошимчалик қилинганини таъкидлаб, Қашқадарёда ҳам Қорақалпоғистонда қилинган иш бажарилмаса, унга ҳам чора кўришини маълум қилган.

«Ғаниев, агар Қашқадарёда ҳам Қорақалпоғистондаги ҳолат бўлмаса, сенинг ҳам чорангни кўраман», — деган Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, айни кунда Қашқадарёда сув хўжалигининг масъули сифатида Илҳом Қурбонов фаолият юритади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент Қашқадарёдаги сувга масъул раҳбарларни ишдан олишни буюрди