21:30 / 19.11.2020
2 769

Сенат қўмитаси раиси Ўзбекистоннинг таълимга эътиборини Афғонистонникига қиёслади

Сенат қўмитаси раиси Ўзбекистоннинг таълимга эътиборини Афғонистонникига қиёслади
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов Ўзбекистон таълим тизими ҳақида гапирар экан, йиллар давомида унга бўлган эътибор ва эндиликда кўринаётган натижаларни ҳудудида 40 йилдан бери уруш тинмаётган Афғонистонникига қиёслади.

Иминовга кўра, бизда таълим-тарбия, миллатнинг тарбияси масаласидаги айрим жиҳатлар маълум бир нуқтага (сўнг нуқта назарда тутилган – таҳр) етиб келган.

«Таълимда кўп нарсани кўриб кўрмаганга, билиб билмаганга олиб юрганимиз билан қанақа авлод шаклланганини раҳбарият ҳам билади, буни улар қайта-қайта таъкидлаяпти. Шундай авлод шаклланиб қолган. Мен ҳали репродуктив саломатлик, жинсий тарбия борасидаги билимларга тўхталмаяпман.

Таълим-тарбия, ўқув муассасаларидаги моддий техник база... Биз кўпинча Афғонистонни мисол қилиб келтирамиз. Ҳа, Афғонистонда 40 йилдан бери уруш, у ердан бутун бошли авлодлар чиқиб кетди, тинчликда яшамаган, таълим олмаган ёки тарбияни олмаган авлод бўлди, деймиз. Лекин йиллар давомида ўзимиз ҳам замонавий билим бериш тизимидан узилиб қолдик-ку. Биз зўр дедик-да, ҳамма имкониятни олий таълимга ташладик. Олий таълим, олий таълим дедик, лекин шу олий таълим эмасми коррупция майдонига айланган. Биласизлар-ку буни жуда яхши
», – деган қўмита раиси бугун, 19 ноябр куни ўтган қўмита йиғилишида.

Одилжон Иминов ўз нутқида одамларнинг мактабгача таълим муассасаларига ўз фарзандини топшириши йиллар давомида фақат элита қатламга хос одатга айлангани ҳақида ҳам гапирган.

«Мактабгача таълимда фақат элита қатлам боласи тарбияланди. Одамларда ҳам мактабгача таълимда элитанинг боласи ўқийди, деган фикр шаклланди. Унинг (мактабгача таълим муассасаларининг – таҳр.) оммавийлиги йўқолди. Оммавийлик йўқолгандан кейин, кучлилар чиқмай қўйди. Ахир, сараланганнинг ичидан ҳам битта, иккита кучли чиқади холос».

Шу фикрларни айтаркан, сенатор йиғилиш иштирокчиларига «тўғрими ё нотўғрими?» дея савол билан юзланган. Атрофдагилар эса унинг гапларини «тўғри, тўғри, деган сўзлар ва ишоралар билан тасдиқлаган.

«Одамларнинг ичида, миллатнинг ичида билим, савия бўлса, кейин ундан миллат кўтарилиб чиқади-да. Таълим ва соғлиқни сақлашдаги мана шу масалаларни пандемия шундайлигича кўрсатиб берди. У биз қайси ҳолатда эканлигимизни очиб берди. Мана энди тиббиётга ҳам эътибор қаратиляпти, энди буни сусайтирмаслик керак», – дейди Одилжон Иминов.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сенат қўмитаси раиси Ўзбекистоннинг таълимга эътиборини Афғонистонникига қиёслади