23:58 / 27.11.2020
2 489

Навоийда Бош прокурор тўлқинланиб кетди...

Навоийда Бош прокурор тўлқинланиб кетди...
Навоий вилоятига хизмат сафари чоғида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев «бир қоп семиргани» айтилмоқда.

Ниғматилла Тўлқиновичнинг тўлқинлангани бежиз эмас, демоқда «Xabar.uz» манбаси. Негаки, йиллар давомида вилоят прокурори даражасига етган шахснинг янаям кўтарилиб ёки бошқа вилоятга шундай лавозимга ўтказилгани ўта камёб ҳодисага айланганди. Вилоят прокурорлигига (фақатгина Навоий вилояти назарда тутилаётгани йўқ) тайинланганларнинг аксарияти икки-уч йил ўтмай оёғи ердан узилиши ортидан «урилиб» кетгани сир эмас. Тизимни «халқ прокуратурасига» айлантиришга жидду жаҳд қилинганидан кейин бундай ҳолат, кўз тегмасин, кам учрамоқда. Эндиликда бир ҳудуддан бошқаси ўтказилаётган мутахассисни орқасидан «тескари алқаб» эмас, иззат-ҳурмат билан кузатиш кўзга ташланмоқда.

Навоийдан Сирдарё вилояти прокурорлигига ўтказилган Ш. Аминов билан шундай бўлди. Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов қонунийликни таъминлаш, айниқса, сектор раҳбари сифатида амалга оширган ишлари учун унга қуюқ миннатдорчилик билдириб, эсдалик совғага илова тариқасида елкасига тўн ёпди, белига қийиқ боғлаб, бошига дўппи қўндирди.

Айни ўша тадбирда вилоятга янги тайинланган прокурорни таништиришга чоғланаётган Бош прокурор Н.Йўлдошев ходимига кўрсатилган бундай эътибордан тўлқинланиб кетибди.

Бош қонун посбонини тушуниш мумкин: шахсни катта лавозимга тайинлар экан, бунинг замирида катта ишончидан ташқари озроқ хавотири ҳам бўлади. Зеро, прокурорлик хоҳлаган пайтда «шартта ариза ёзиб кетворадиган» лавозим эмас-да.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)