12:23 / 01.12.2020
2 507

Зиёфатхўр судьялар ва «соққачи» суд ходимлари бўйича баёнот берилди

Зиёфатхўр судьялар ва «соққачи» суд ходимлари бўйича баёнот берилди
Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати зиёфатхўр судьялар ва «соққачи» суд ходимлари масаласида баёнот берди.

Гап шундаки, кеча Олий судда бўлиб ўтган «Одил судловни таъминлаш – Ўзбекистонни коррупциядан холи ҳудудга айлантиришнинг муҳим омили» мавзуидаги конференцияда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари айрим судьяларнинг қуюшқонга сиғмас хатти-ҳаракатларини тилга олинганди. Хусусан, Тошкент вилоятидаги шаҳарларнинг бирида икки нафар судья озодликдан чеклаш жазосига ҳукм этилиб, муддатини ўтаётган шахснинг зиёфатида азиз меҳмон бўлгани, кейинроқ улардан бири маҳкумни озодликка чиқаргани оғриқ билан қайд этилади.

Шунингдек, пойтахт маъмурий судларининг айрим судьялари ва суд ходимлари (ИИБ ЙПХ ходимлари билан тил бириктириб) йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги юзасидан тузилган маъмурий ишларни «ўйин» қилиб, 5 мингга яқин сохта қарор чиқаргани, бунинг оқибатида 8 миллиард сўм давлат маблағи талон-торож қилгани айтилди.

Олий суд матбуот хизмати баёнотида «фақат ҳолатлар айтилиб, кўрилган чоралар ҳақида гапирилмаганлиги» боис тушунмовчиликлар чиқиб, «қатор ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлаётгани» таъкидланади. Ва: «...жорий йилнинг 11 ойи мобайнида ўз фаолиятида камчиликларга йўл қўйган 27 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилганлиги, шунингдек 8 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилганлиги» маълум қилинади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)