
Кеча, 7 декабрь куни Адлия вазирлигида адлия органлари ходимлари ва жамоатчилик фаоллари иштирокида Конституция кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан адлия вазири Русланбек Давлетов йиғилганларни кириб келаётган буюк байрам – Конституциямиз қабул қилинганлигининг 28 йиллиги билан қутлади.
Шунингдек, вазир нутқида инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш борасида адлия органлари томонидан амалга оширилган ишлар ва олдида турган муҳим вазифалар таъкидланди.
Жумладан, вазирлик ташаббуси билан 142 та қонун ҳужжатлари, шу жумладан 31 та қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Вазирлик ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2020 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари фуқаролардан 28 турдаги ҳужжатларни талаб қилиши ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан уларнинг бериш амалиёти бекор қилинди, ҳокимиятлар фаолиятига хос бўлмаган 11 та функция тегишли давлат органларига ўтказилди, фаолияти самарасиз деб топилган 29 та идоралараро-коллегиал органлар тугатилди.

Давлат хизматлари агентлиги фаолиятини янада кенгайтириш ва аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида замон талабларига жавоб берадиган 120 дан ортиқ давлат хизматлари марказлари бинолари қурилди. ФҲДЁ архивларида сақланаётган қоғоз шаклидаги 60 млндан ортиқ архив маълумотларининг 85 фоизи рақамлаштирилди.

2020 йил 19 майда қабул қилинган “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони билан Адлия вазирлиги зиммасига қатор қўшимча вазифа ва функциялар юклатилди.

Жорий йилнинг шу вақтига қадар вазирлик тизимда 4 та янги бошқарма ташкил этилган ҳолда, вазирликнинг қўшимча вазифа ва функциялари белгиланди.

Вазирлик тизимида коррупцияни йўқ қилишга қаратилган бир қатор ислоҳотлар “CERT INTERNATIONAL” халқаро ташкилоти томонидан таҳлил қилинди. Таҳлил натижасида вазирлик 2020 йил 9 сентябрь куни Ўзбекистоннинг давлат органлари ичида биринчи бўлиб ISO 37001:2016 фаолиятининг барча йўналиши “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” халқаро стандартига мувофиқ деб баҳоланди ва халқаро реестрга киритилди ҳамда буни тасдиқловчи сертификатга эга бўлди.

Шунингдек, “Адлия – тадбиркорга дўст” лойиҳаси доирасида тадбиркорлик субъектлари учун ҳуқуқий маслаҳатлар беришга ихтисослашган махсус интерфаол “Biznesga maslahat” (Advice for business) портали ишга туширилди. Бундан ташқари, вазир ўз нутқида келгусида вазирлик томонидан амалга оширилиши керак бўлган бир қатор вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди.
Жумладан:
- ex-post (кейинги) таҳлилини ўз ичига олган қонун ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг комплекс тизимини ишлаб чиқиш; илмий лингвистик экспертиза механизмларини шакллантириш;
- норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказишнинг институционал, илмий ва услубий асосларини яратиш;
- қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш ва ҳуқуқий тартибга солишнинг ортиқча юкини бартараф этиш орқали «ақлли тартибга солиш» моделини жорий қилиш ва бошқалар.
Тадбирда Адлия вазирлиги ташаббуси билан таъсис этилган “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони ўз соҳибларига топширилди. Ушбу нуфузли мукофот билан жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган давлат органлари ва ташкилотлар ходимлари тақдирланадилар.
Шунингдек, бир гуруҳ адлия ходимлари самарали меҳнати, ҳуқуқ соҳасига қўшаётган ҳиссаси учун “Адлия аълочиси” кўкрак нишони ҳамда Фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар