12:00 / 14.12.2020
4 074

Бухоро шаҳар прокурори чақирувларга адвокат, журналист ва блогерлар билан боришини айтди

Бухоро шаҳар прокурори чақирувларга адвокат, журналист ва блогерлар билан боришини айтди
Фото: «Дарё»
Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов бир неча кундан буён ижтимоий тармоқлар орқали Президентга мурожаат қилмоқда. У ўз мурожаатлари орқали бош прокурор Ниғматулла Йўлдошев ҳамда Бош прокуратуранинг айрим амалдорларига нисбатан бир нечта айбловларни илгари сурган.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Жасур Фозилов яшириниб олгани, чақирувларга жавоб бермаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. «Дарё» мухбири Бухоро шаҳар прокурори ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётган чоғда қонундан яшириниб юргани нечоғли ҳақиқатга яқинлиги билан қизиқди.

Бухоро шаҳар прокурорининг қўл телефони «хизмат доирасидан ташқарида» эканлиги сабабли у билан телефон орқали боғланишнинг имкони бўлмади. Яшаш манзили эса номаълум эди. Ижтимоий тармоқлардан «шов-шуви» тўхтамаётган шаҳар прокурори Жасур Фозиловни анча уринишлардан сўнг, жараённинг тўртинчи кунида «топдик». У ўзи туғилиб ўсган Вобкент туманидаги Чорбоғкент қишлоғида, дарвозадан ҳам ўзи «кўриниш берди».

Ижтимоий тармоқлар орқали мен ҳақимда тарқалаётган гаплар уйдирма ва шунчаки уюштирилаяпти, холос. Гўёки, мен яшириниб олганман. Ҳеч қаёққа кетмаганман. Вобкентда, ота-онамнинг уйидаман. Тўғри, мен ўзимга нисбатан хизмат текшируви ўтказаётганларнинг чақирувидан бош тортаётганимни тан оламан ва хизмат текширувлари одилона, холисона ўтказилишини сўраганман, — деди Жасур Фозилов.

Унинг сўзларига кўра, 2 декабрь куни у вақтинча хизмат вазифасидан четлатилган. Фозилов ушбу ҳолат бўйича фақат Президент администрацияси текширув ўтказишини, бошқа идоралар бу ишга аралашмаслигини сўраган.

Бош прокуратура ҳузуридаги инспекцияси ходими М.Т. мен билан қўнғироқлашганда, шахсан бош прокурорнинг ўзи у билан икки-уч марта гаплашаётганини айтиб, ҳолатни тўғри тушунишимни ва хонадаги камераларни ечиб олишни сўради, эътироз билдирмадим. Аслида бу ишлар ортида ҳали қурилиши тўлиқ тугалланмаган ва фойдаланишга топширилмаган «Дилкушо» бозоридаги қонун бузилишларга сабаб бўлаётган ҳолатларни фош этишга киришганим кимларгадир ёқмагани ва қаршилар борлигини исботлаб қўйди, — дейди у.

Бухоро шаҳар прокурори бир неча марта вилоят прокурори Дилшод Файзиевдан ҳолат юзасидан бош прокурорни хабардор қилишни сўраган. Бироқ бу мурожаатлар вилоят прокурори томонидан эътиборсиз қолдирилган.

Фото: «Дарё»
Прокурор Фозилов бу ҳолат бош прокурор ва унинг уч нафар ходимига оид жиноятларни фош этиш, шунингдек, 10 миллиард сўм солиқни яширган тадбиркорга нисбатан Жиноят кодексининг 184-моддаси (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) билан иш қўзғатишга алоқадорлигини маълум қилди.

«Мустаҳкам қурилиш девелопмент» компанияси раҳбари З.Ж. ҳамда йирик тадбиркор А.К.га нисбатан олиб бораётган ҳатти-ҳаракатим ўз жойида тўхтатиб қўйилди. Бу шунчалик тез содир бўлдики, ҳатто бўйнимга менга дахли йўқ ишларни илишга уринишмсоқда. Ҳайдовчим Баҳодир Ҳамроқулов, билишимча, 2000—2001 йиллардан буён тадбиркорлик қилиб келади. Мен эса Бухорода ўз хизмат вазифамни 2014 йилда бошлаганман.

Гўёки ҳайдовчимга тегишли тадбиркорлик субъекти ҳам меники экан. Ундан ҳам ишдан бўшаш тўғрисидаги аризасини олишибди. Бундан ташқари, Бухоро шаҳридаги 52-мактабгача таълим ташкилоти биносини тиклаган «Вобкент махсус қурилиш сервис» раҳбари, тадбиркор Бахтиёр Аслоновга тегишли корхона ҳам менга тегишли экан. Булар жуда ачинарли айбловлар эмасми?! Тадбиркор укаларим ҳам ўзларига шахсан тегишли субъектлар учун кун бўйи тергов эшикларида ўтиришди. Уларнинг ҳам фаолиятига менинг ҳеч қандай алоқадорлигим йўқ.

Тўғри, бош вазирнинг собиқ ўринбосари Ўктам Барноев ҳамда Бухоро вилояти собиқ ҳокими Карим Камоловнинг тавсияси билан Бухоро Марказий бозоридан бизга тадбиркорликни йўлга қўйишимиз учун бино ажратиб берилди. Бу, албатта, қонунан мумкин эмас, шу боис ҳам ўз номимга ўтказмадим. Буни тан оламан ва тан олганман ҳам. Агар ҳатти-ҳаракатларимда жиноят аломатлари топилса, қонун олдида жавоб беришдан қўрқмайман. Бироқ, «юқоридаги»лар ва уларга алоқадор шахсларнинг сирлари фош этилишига, адолат қарор топишига ишонаман
, — деди Жасур Фозилов.

Шу ўринда шаҳар прокурори «Дарё» мухбирининг: «Мурожаатларингизнинг бирида вилоят раҳбарлари бизни қўллаб-қувватлаб, Бухоро Марказий бозоридан бизга порахўрлик қилмаслик учун магазин ажратиб берди, дея таъкидладингиз. Сўзларингиздан, агар дўкон ажратиб берилмаса, прокурорлар порахўрлик қилиши мумкин экан, деган шубҳага бориш мумкин экан-да?», — қабилидаги саволига: «Вилоят раҳбари ‘қуринглар’, деб, қўллаб-қувватлади. Аммо у ерда бир ўзим эмас, ака-укаларим, яқин биродарларим пул йиғиб, дўконни тикладик», — дея жавоб қайтарди.

Унинг айтишича, Бош прокуратура ҳузуридаги инспекцияси ходими М.Т. хизмат хонасида: «Қўллаб-қувватловчиларингиз кетди, энди нима қила оласиз?!», деган. Жасур Фозилов эса вилоятнинг собиқ икки раҳбарини тилга олиб, агар улар ҳаёт бўлганида, бош прокурор Бухорога яқинлаша олмаган бўларди, деб таъкидлаган.

Бухоро шаҳар прокурори Фозилов ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказаётганларнинг чақирувларидан бош тортаётганини тан олар экан, чақирувга адолат қарор топиши учун адвокат, журналист ва блогерлар билан бирга боришини айтди. Шунингдек, у айби бўлса, жавоб беришга тайёрлигини, фақат адолат бўлиши лозимлигини ҳам қайта-қайта такрорлади.

Ижтимоий тармоқларда менга нисбатан дўппи тор келгани учун чиқиш қилди, деган муносабатлар ҳам билдирилмоқда. Йўқ, мен ҳозирги ҳолат бўйича текширувни фақат Президент администрацияси ўтказишини, менга нисбатан ноҳақликлар бўлмаслигини, барчаси адолат мезонлари асосида кўриб чиқилишини истайман холос, — деди Жасур Фозилов.

Маълумот учун, Бухоро Марказий деҳқон бозорининг айни пайтдаги раҳбари Бобур Собиров ўз вақтида вилоят прокуратурасида хизмат олиб борган. «Дарё» 2019 йил майида мазкур бозордаги тартибсизликлар ҳақида суриштирув эълон қилган эди.

Муаллиф: Лайло Ҳайитова

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бухоро шаҳар прокурори чақирувларга адвокат, журналист ва блогерлар билан боришини айтди