07:00 / 22.12.2020
2 673

Туркияда қамоққа олинган Абдукарим Мирзаевнинг депортация қилинмаслиги маълум бўлди

Туркияда қамоққа олинган Абдукарим Мирзаевнинг депортация қилинмаслиги маълум бўлди
Фото: «Gazeta.uz»
Туркиянинг Истанбул шаҳрида турк полицияси томонидан қўлга олинган Абдукарим Мирзаевнинг мамлакатдан депортация қилинмаслиги маълум бўлди. Бу ҳақда журналист фаолият кўрсатаётган Регистон ТВ онлайн телеканалининг расмий саҳифаларига таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.

«Азизлар, ‘Регистон ТВ’ оиласи аъзоси, журналист ва режиссёр Абдукарим Мирзаев билан боғлиқ хушхабаримиз бор. Истанбул Миграция идорасидан (Göç idaresi) олинган сўнгги маълумотларга кўра, Абдукарим Мирзаев депортация қилинмайди. Унинг озод этилиши эса вақт билан боғлиқ масала», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик таниқли журналист, Туркиянинг Кастамону университети Коммуникациялар факультети журналистика бўлими магистранти Абдукарим Мирзаев 11 декабрь куни турк полицияси томонидан «шубҳали шахслар билан телефон орқали мулоқотда бўлгани» айби билан қўлга олинганди.

Кейинроқ Ўзбекистон Бош прокуратураси ўзбек журналистнинг Туркияда қўлга олинишида Ўзбекистон томонининг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ҳамда Абдукарим Мирзаевнинг ҳеч қандай жиноий иш билан алоқаси бўлмагани ва қидирувдагилар рўйхатида ҳам йўқлигини маълум қилди.

«Gazeta.uz»нинг ёзишича, ўзбек журналистининг Туркияда қамоққа олиниши ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Хусусан, #FreedomToAbdukarim, #freeAbdukariM ҳештеглари остида ўн минглаб постлар, твитлар қолдирилди. Twitter ижтимоий тармоғида Туркиянинг таниқли шахслари, сиёсатчиларига мурожаатлар йўлланди.

Нашрнинг Туркиядаги мухбири хабар беришича, айни вақтда ушбу масалага турк матбуоти ҳам эътибор қаратган, ўзбек журналистининг айби исботланмаган бўлса ҳам Миграция идорасининг Депортация марказида сақлаб турилгани айтилмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, Туркия Буюк Миллат Мажлисининг миллат вакили (депутати) Мустафа Енероғлунинг котибиятидан Абдукарим Мирзаевнинг адвокатига қўнғироқ бўлган ва зарур маълумотлар олинган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Туркияда қамоққа олинган Абдукарим Мирзаевнинг депортация қилинмаслиги маълум бўлди