
Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Халқаро пресс-клубнинг 30 декабрдаги сессиясида Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришдан кўзланган иккита муҳим нуқтага тўхталди. Сафоевга кўра, бу хавфсизлик ва иқтисодий сиёсат масалаларидир.
«Афғонистонни Ўзбекистон учун муҳимлиги нимада? Биринчидан, албатта хавфсизлик масаласи. Афғонистондаги тинчлик, у ердаги террористик, экстремистик гуруҳларга қарши кураш, бу Ўзбекистонга бевосита чегарадош бўлган давлатлар ҳудудида биз учун хавфсизлик барпо этиш омилидир.
Иккинчи ўта муҳим масала эса Афғон транспорт йўлагини яратиш. Буни кўп марта гапирганмиз, бу Ўзбекистон учун ҳаёт-мамот масаласи.
Чунки биз учун энг яқин бўлган форс кўрфази ва ҳинд океанидаги денгиз портларига Афғонистон орқали ўтилади. Президентимиз йирик давлатлар билан ҳам ниҳоятда катта иш олиб боряптилар. Уларни бошини қовуштириш қийин, албатта.
Башарти, бу йўлак барпо этиладиган бўлса, биз учун транспортга кетадиган харажатлар 10 баробардан кўпроқ камаяди.
Айни пайтда бизнинг экспорт–импорт операцияларимизнинг 20 фоизгача харажатлари айнан транспортга сарфланади. Афғонистон орқали йўлак, албатта бизнинг ички бозоримизнинг ҳам арзонлашишига олиб келади», –– деди раис ўринбосари.
Аввалроқ, Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган транспорт йўлагини барпо этиш бошлангани хабар қилинганди. Унда «бу лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши бутун минтақамизда барқарорлик ва иқтисодий ўсишни таъминлашга беқиёс хизмат қилади», деган эди президент Шавкат Мирзиёев. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар