13:46 / 08.01.2021
2 707

Дуо психологияси

Дуо психологияси
Дуони олимлар ўрганишмаяпти. Чунки у илмий эмас. Дуо – илоҳий. Бироқ ҳар қандай етук олимни шу даражага етишига сабабчи бўлган, унинг устози эмас, балки болалигида ота-онасидан олган дуоси эмасмикан? Дуо кучини ҳар қандай оддий одам билиб-кўриб туради, бироқ уни олимларимиз тадқиқ қилмаяпти. Нима учун?

Дуони илмий томондан асослаб бериш қийинлиги ёки унинг кучи шундоқ ҳам маълум бўлганлиги учунми? Дуо қандай кучга эга эканлигини ҳаёт кўрсатиб турибди ва уни олимлар кўрсатиб бериши шартми, деб ўйлаяпсизми? Дуо илмий эмас ва шунинг учун ҳам уни тадқиқ қилиш шарт эмас, деб ҳисоблашаяптими олимлар? Ахир ҳар қандай тилсимнинг сир-асрорини очиб ташлаш олимларнинг вазифаси эмасми?

Дуо – объектив эмас, балким у субъективдир. Илмда субъектив ҳодисаларни ўрганишдан кўра, объектларни ўрганиш осонроқ. Чунки уларни қўл билан ушлаб кўрса бўлади. Қизиқ! Кимгадир ёки нимагадир дуо кетса, уни қайтаришга энг кучли олимнинг ҳам кучи етмайди.

Дуо субъектив бўлса-да, у бизнинг объектив ҳаётимизни кескин ўзгартириб юборади. Демак, илмдан кўра илоҳият кучли! Унда нима учун илоҳий китобимиз бўлмиш Қуръонда илмга бағоят катта урғу берилган? Ахир ҳар қандай илм Оллоҳни англаш учун яратилмаганми?

Дуо қандай кучга эга эканлигини ҳаёт ҳар куни бизга кўрсатиб ва англатиб турибди. Вақти келиб дуо нега бундай қудратга эга эканлигини олимлар ўрганишар. Бироқ вақтни бой бермасдан ота-онамиз дуосини олиб яшайлик ёки биз ота-оналар фарзандларимизни дуо қилиб яшайлик! Ҳадисда “Бешикдан қабргача илм ол” деган ўгитлар бор. Келинг, бешикдан қабргача дуо ҳам олиб яшайлик!

Профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг
“Асаб ва руҳият” китобидан олинди

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Дуо психологияси