20:30 / 15.01.2021
2 125

Шавкат Мирзиёев Тошкентда очилган янги заргарлик корхонасини бориб кўрди

Шавкат Мирзиёев Тошкентда очилган янги заргарлик корхонасини бориб кўрди
Шавкат Мирзиёев 15 январь, жума куни Тошкентда янги очилган заргарлик корхонасини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, давлат раҳбари 2019 йил 8 май куни ўтказилган йиғилишда заргарликни чинакам саноат даражасига олиб чиқиш вазифасини қўйган эди. Кўп ўтмай, ўша йили 18 майда Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Унга мувофиқ, соҳага чет эл инвестицияларини фаол жалб этиш, рақобатбардош ва сифатли заргарлик буюмларини тайёрлашда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитлар яратилди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Пойтахтнинг Чилонзор туманида ишга туширилган Gold Moon Tashkent масъулияти чекланган жамият ана шу имкониятлар натижаларидан бири. Шавкат Мирзиёев ушбу корхона фаолияти билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Қиймати қарийб 21 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа доирасида йилига 6 тонна заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш қуввати ташкил этилган. Италия, Германия ва Туркиядан замонавий асбоб-ускуналар келтириб ўрнатилган. Ишга 400 дан ортиқ моҳир заргар жалб қилинган. Италиялик дизайнер ва техник ходимлар уларга ўз маҳорат ва тажрибаларини ўргатмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати
Собиқ Фонон илмий-ишлаб чиқариш корхонаси негизида очилган ушбу ширкат маҳсулотлари замонавийлиги, сифати ва нафислиги билан ажралиб туради. Бугунги кунда уларнинг харидори кўпайиб, импорт ўрнини босмоқда. Шунингдек, завод биносида савдо дўкони ташкил этилган. Маҳсулотларнинг 15 фоизини Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон ва бошқа давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати
«Заргарлик халқимизда азалдан бўлган, бугун ҳам бор. Бизнинг мақсадимиз — ёшларни замонавий технологиялар ва дизайнга ўргатиб, камида 10 минг нафар йигит-қизни иш билан таъминлаш, Ўзбекистон миллий брендини жаҳон бозорига чиқариш. Юртимизда хом ашё, қўли гул ҳунармандлар бор. Бу соҳа миллий анъаналарни тиклаш, ўзлигимизни англаш нуқтаи назаридан ҳам катта пойдевор», — деган Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати
Қайд этилишича, корхона хом ашёни Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноати комбинатларидан биржа савдолари орқали олади. Бу маҳаллий ҳунармандлар учун ҳам қулайлик яратади. Завод уларга ярим тайёр маҳсулотлар етказиб беради.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев Тошкентда очилган янги заргарлик корхонасини бориб кўрди