00:23 / 03.02.2021
3 032

«Рустам кимлигини ҳеч ким билмайди». Польшалик журналист ТИВ билан учрашув ҳақида

«Рустам кимлигини ҳеч ким билмайди». Польшалик журналист ТИВ билан учрашув ҳақида
Фото: Facebook / apikulicka
Ўзбекистонда ишлаш учун аккредитация берилмаган ва Ташқи ишлар вазирлиги ходими унга шилқимлик қилганини таъкидлаган польшалик журналист Агнешка Пикулиска 2 февраль, сешанба куни вазирлик вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда у ўзининг Twitter аккаунтида маълум қилди, деб хабар бермоқда «Gazeta.uz».

«Рустам ким? Мен ҳозиргина ТИВ билан мароқли учрашувда бўлдим, улар менга аккредитация масаласи очиқлигича қолаётганлигини айтишди. Мен бундан миннатдорман. Шу билан бир вақтда менга Рустамнинг хатти-ҳаракатлари бўйича текширув ўтказишнинг иложи йўқ эканлигини айтишди… Рустам кимлигини ҳеч ким билмайди», — деб ёзади халқаро журналист.

Агнешка Пикулиска Рустам билан ТИВ биносида бир неча маротаба кўришганини, 2020 йили у аккредитация қилинган учрашувда ҳам Рустам бўлганлигини айтади. «У менга ўтган йил март ойида меҳнат вазири билан интервью ташкиллаштирганди ва вазирликдаги ҳамма уни яхши танийдигандек кўринганди», — дейди у.

Польшалик журналист кеча дўстининг маслаҳати билан «Рустам» исмли шахснинг Telegram профилини текширганини айтади. «Расми ўша-ўша. Кейин биз рақам ким учун рўйхатдан ўтказилганини текширдик ва ‘Илҳом ака FBI’га тегишли эканини кўрдик. Шунинг учун мен ТИВга улар қидираётган шахснинг исми Илҳом бўлиши мумкинлигини айтдим».

«Умид қиламанки, сирли Рустамни қидириш бўйича ишлар тез орада ижобий натижа беради. Ишончим комил, Илҳом FBI (ёки Рустам СГБ) ТИВда ёки эҳтимол давлатнинг бошқа структурасида топилади. Нима бўлишидан қатъи назар, хабарларни бериб бораман», — деб якунлаган сўзини журналист.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ушбу ҳолатга муносабат билдириб: «Журналист Агнешка Пикуличка билан содир бўлган воқеа Ўзбекистонда ҳам, бошқа мамлакатларда ҳам мутлақо қабул қилиниши мумкин бўлмаган ҳолат. Ўзбекистон инсон шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилишнинг ҳар қандай шаклига асло тоқат қилмаслик сиёсатига амал қилади», — деб айтди.

«Агнешка ушбу ҳолатни айтиб, мардлиги ва бефарқ эмаслигини намойиш этди. Албатта, ушбу ҳодиса пухта ўрганилиб, таҳлил қилинади, тегишли чоралар кўрилади ва айбдорлар жазоланади», — дейди Норбоева.

Сенат раиси ушбу ҳолат «республикада амалга оширилаётган барча улкан ислоҳотларга соя солмаслиги лозимлигини таъкидлади. «Ўзбекистон демократик давлат ва эркин фуқаролик жамият барпо этиш йўлини танлади ва шу йўлдан қатъият билан қадам ташлашда давом этади».

Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳолат бўйича ҳозирча муносабат бермади.

Олдинроқ Guardian, Al Jazeera, The Diplomat халқаро нашрлари учун ёзадиган мустақил журналист Агнешка Пикулиска-Вилчевска Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги унга аккредитация бермаганлигини маълум қилган эди. Аккредитация бўйича жавоб қонун бўйича 2 ойда эмас, 6 ойда берилган. Журналист ТИВ ходими унга тегажоғлик қилганини, ижобий мақолалар ёзишини сўраганлигини ҳам таъкидлаган.

Агнешка Пикулиска-Вилчевска — Тошкентда фаолият юритувчи мустақил журналист. У The Diplomat, Guardian, Al Jazeera, Eurasianet ва бошқа кўплаб инглиз ҳамда поляк тилларидаги халқаро нашрлар учун мақолалар ёзади. У Аёл журналистлар Коалициясининг аъзоси. Бундан ташқари, у Тошкентдаги Вебстер университетида ҳам дарс берган.

Ҳозирда унинг мақолалари асосан Президент Шавкат Мирзиёев даврида Ўзбекистондаги ўзгаришлар ва ўзбек жамиятининг ўтиш даврида дуч келаётган синовлари ҳақида. Бундан ташқари, у Афғонистон ҳақидаги воқеаларни ҳам ёритиб боради.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Рустам кимлигини ҳеч ким билмайди». Польшалик журналист ТИВ билан учрашув ҳақида