10:10 / 03.02.2021
3 116

Қашқадарёда эр ухлаб ётган хотинини пичоқлаб ўлдиргани юзасидан қўшимча маълумотлар

Қашқадарёда эр ухлаб ётган хотинини пичоқлаб ўлдиргани юзасидан қўшимча маълумотлар
Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани, Севаз қишлоғида яшовчи 27 ёшли эркак ухлаб ётган хотинини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар берилганди. Ҳолат юзасидан «Zamon.uz» қўшимча маълумотлар берди. Маълум қилинишича, воқеа 2021 йилнинг 31 январь куни соат 02:00 да содир бўлган.

Китоб туман ИИБнинг навбатчилик қисмига шу куни соат 04:00 да келиб тушган хабарга кўра, туман прокуратураси терговчиси А.Жўраев, туман ИИБ бошлиғи вазифасини бажарувчи Э.Бадалов, эксперт мутахассислар, тезкор тергов гуруҳи аъзолари ва бошқа тезкор ходимлар воқеа жойига етиб борган ва ҳодиса жойидан қон доғлари, қонга ўхшаш доғлари мавжуд 1 дона ошхона пичоғини процессуал тартибда расмийлаштириб олган.

«Бирон сас эшитмаганман бу хонадондан, ҳаттоки бир муаммосини ҳам билмаганман. Қувноқ, яхши келинчак эди. Хўжайини ҳам ҳунарманд эди. Уйдан кўчага чиқиб, безорилик қилиб юрган бола эмас», – дейди «Севаз» МФЙ раисининг ўринбосари Танзила Ниёзова.

Куёвнинг отаси ўғли ва келини ўртасида келишмовчилик юз бермаганини таъкидлаб, воқеадан ўзига кела олмаётганини айтди.

«Ўғлим ёнимизга келиб, неварам Заринани йиғлаяпти қаранглар, деди. Онаси қани десак, онаси ўлди, деди. Мен бирдан тез ёрдам чақирдим. Менга қолса, ўғлим ўлиб кетгани маъқул эди», – дейди куёвнинг отаси.

Шунингдек, ота ўғлини асаб касалликлари бўйича даволатиб келганини таъкидлаб ўтди. Қотил эрнинг қилмишини изоҳлаган тоғаси унинг руҳий касал сифатида рўйхатда туришини айтиб, даволаниб чиққач, уч ой давомида «Клозапин» таблеткасини ичиб юрганини билдирган.

«Бир яшар неварамиз бор эди, мана у чирқиллаб қолди. Уни ҳар куни кўриб, бир йил умрим камаяди. Берадиган нарсамни бой бериб бўлдим», – дейди келиннинг отаси.

Қашқадарё вилояти ИИБ, туман ҳокимлиги ва прокуратураси иштирокида мазкур жиноят юзасидан йиғилиш ўтказилди. Жиноятни келтириб чиқарган сабаблар жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилинди.

Ҳолат юзасидан тезкор тергов гуруҳи томонидан ўрганиш ўтказилганда марҳума турмуш ўртоғи билан кечаси жанжаллашиб қолгани, оқибатда эр турмуш ўртоғига жароҳат етказиб қотиллик жиноятини содир этгани аниқланган.

Марҳуманинг турмуш ўртоғига нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳозирда эркакка нисбатан қамоққа олиш тарзида эҳтиёт чораси қўлланилган.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қашқадарёда эр ухлаб ётган хотинини пичоқлаб ўлдиргани юзасидан қўшимча маълумотлар