23:56 / 05.02.2021
2 412

Расул Кушербаев Сурхондарёда қўлга олинган блогер ҳақида

Расул Кушербаев Сурхондарёда қўлга олинган блогер ҳақида
Фото: Telegram / Расул Кушербаев
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида ИИБ ходимлари томонидан сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий товламачиликда айбланиб қўлга олингани ҳақида хабар берилганди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ушбу блогер атрофидаги воқеалар ҳақида Telegram-каналида пост қолдирди.

«Юқоридаги расмдаги бола сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий. У яқинда Қизириқ туманидаги фермерлар Олий Мажлисга келганида мен билан учрашиб, танқидий чиқишлари учун Сурхондарёдаги амалдорларнинг босимлари ҳақида айтиб, ёрдам сўраганди.

Унинг айтишича, Отабек бир неча ой олдин жамоатчилик назорати учун Шеробод туманидаги бозорда нарх-наволарни телефонига тушираётганида бозорнинг бир нечта зўравон ходимлари келиб, уриб, уст-бошини йиртиб, телефонини синдириб ташлашган.

Кейин у ИИБга ариза бериб, ўша заҳоти бозордаги зўравонлик бўйича туман ҳокимига учраган. Туман ҳокими Отабекка бу воқеаларни Интернетга чиқармасликни илтимос қилиб, унга синдирилган телефон ўрнига товон тариқасида янги телефон олиб беришларини ва шу йўл билан етказилган зарар қопланишини ваъда берган экан.

Қонунларимизнинг адолатли ва инсонпарвар эканлигига ишонган мен содда депутат эса Отабекка: ‘Майли, сиз синдирилган телефонингизни олинг, лекин бозордаги зўравонлик учун бозор бошлиғи жавоб бериши керак. Аризангиз натижасиз қолса, менга мурожаат юборинг. Ўзбекистонда Президент сиёсати сабаб очиқлик бўлмоқда, Сурхондарёда амалдорлар қонунларга қарамаса ҳам, Президент сиёсатига қарши чиқмаса керак’ – деб, кўнглини кўтариб жўнатиб юборибман.

Бугун эса худди ўша блогер синдирилган телефони ўрнига товон тариқасида олган телефонини деб товламачиликда айбланмоқда. Балки ‘виждонини ютган’лар яна нималардир бўйнига қўйишар. Зўравонлар эса жазосиз қолмоқда. Эшитишимча, Отабекнинг ИИБга берган аризаси ҳам йўқ бўлиш арафасида.

Ўз вақтида унинг огоҳлантиришига жиддий эътибор бермаганимдан афсусдаман. Мен бунчалик пасткашликка борилмас, деган ўйда эдим. Афсус...

Биласизми, бу амалдорларни танқид қилаётган битта блогерга эмас, бутун бошли сўз эркинлигига, Президентнинг очиқлик сиёсатига қарши сурхондарёлик амалдорларнинг исёнидир.

Биз ҳозир жим кузацак, эртага ҳар биримиз танқидлар учун товламачиликда айбланишимиз мумкин
», – деб ёзади депутат ўз Telegram-каналида.

Маълумот учун, Отабек Сатторий ўзининг уйи олдида махсус кимёвий ишлов берилган бир дона телефон аппаратини олган вақтида ИИБ ходимлари томонидан товламачиликда айбланиб ушланган.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган ва гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)