12:47 / 09.02.2021
2 894

«Сиз боксчисиз, яна уринг». Ангренда ўқитувчи дарс пайти ўқувчини урди

«Сиз боксчисиз, яна уринг». Ангренда ўқитувчи дарс пайти ўқувчини урди
Кадр: Telegram
Ижтимоий тармоқларда Ангрендаги 41-сонли мактаб ўқитувчиси ўқувчилардан бирини ураётгани тасвирланган видео тарқалди. UzNews’нинг Ангрен шаҳар ХТБ мудири Роҳила Абдуқодировага таяниб ёзишича, мазкур ҳолат 4 февраль куни, 9-«В» синфга биология фанидан дарс ўтилаётган вақтда видеотасвирга олинган.

Маълум бўлишича, биология фани ўқитувчиси З. Турдиева 9-«В» синфга биология фанидан дарсга кирган. Шу куни синф ўқувчиси Асадбек Қутбиддинов дарсга дафтарсиз келган. Ўқитувчи доскага мавзу ва режани ёзаётган пайтида Асадбек Қутбиддинов рухсатсиз биринчи қатордан тўртинчи қаторнинг биринчи партасига бориб ўтирган ва дарс жараёнига халақит қиладиган қилиқлар қилиб, қолган барча ўқувчиларни дарсдан чалғитган.

Ўқитувчи ўқувчини кетма-кет беш мартадан кўп огоҳлантиришига қарамай, дарс жараёнига халақит берган. Ўқитувчи мавзуни тушунтираётган вақтда ҳам ўқувчи яна ўринсиз қилиқлар қилиб ўқитувчини ва ўқувчиларни дарсдан чалғитаётгани учун уни доска олдига чиқариб, нега бундай қилаётганлиги бўйича изоҳ беришини сўраганида, орқасига қараб яна қилиқ қилиб синфдаги ўқувчиларни кулдиргани учун ўқитувчи З. Турдиева ўқувчи Асадбек Қутбиддиновнинг курткасини устидан бир мушт туширган.

Ўқувчи А. Қутбиддинов ўқитувчи З. Турдиевага «Сиз боксёрсиз, яна мушт тушуринг» деб ўқитувчини қуюшқондан чиқаргани учун ўқитувчи жаҳл устида ўқувчига бир неча бор мушт туширган. Ўқувчи дарс тугаганидан кейин яна ўқитувчини масхара қилиб хонадан чиқиб кетган. Ўқитувчи З. Турдиева бу ҳолат бўйича мактаб раҳбариятини ва синф раҳбарини огоҳлантирмаган. Сабаби ўқитувчи қон босими кўтарилиб хонада чамаси икки соатлар ўтириб, сўнг ўзи раҳбарлик қилаётган 6-«Д» синфда 2021 йилнинг 5 февраль куни бўлиб ўтадиган тадбирга тайёргарлик кўрган.

«8 февраль куни ўқитувчи ҳар доимгидек 9-‘В’ синфда дарсни ўтган. Ўқувчи Асадбек Қутбиддинов жорий йилнинг 4 февраль куни дарс машғулотларига халақит қилиб ўқитувчини қуюшқондан чиқаргани учун ўқитувчи З. Турдиевадан узр сўраб қилган ишидан минг бор пушаймон эканлигини маълум қилди ва ўқитувчи билан ўзаро келишиб олишди», — дейилади хабарда.

Ўқитувчи З. Турдиева ҳам ўқувчи ва унинг ота-онасидан бўлиб ўтган ҳолат учун кечирим сўрагани айтилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Сиз боксчисиз, яна уринг». Ангренда ўқитувчи дарс пайти ўқувчини урди