19:23 / 15.02.2021
2 379

Азиза Умарова ҳукуматга сайловлар арафасида аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш учун 6та таклифни билдирди

Азиза Умарова ҳукуматга сайловлар арафасида аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш учун 6та таклифни билдирди
Блогер ва жамоатчилик фаоли Азиза Умарова сайловлар арафаси ҳукуматга аҳоли турмуш тарзини яхшилашга хизмат қиладиган олтита реал қадамларни таклиф қилди.

«ОАВ тартибсизликка қарши даъват қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгилашни режалаштираётгани ҳақида ёзмоқда. Куч тузилмаларининг маошлари кўтарилмоқда, нечанчидир маротаба форма, аскарий анжомлар, махсус техникалар харид қилиняпти. Барча сайловлар билан банд эканлиги шундоқ кўриниб турибди. Тахмин қилиб кўришга жазм этаман», — деб ёзади Умарова.

Унинг таъкидлашича, дунёнинг исталган нуқтасида (Канададан Руандагача) ҳар қандай сиёсий сайловлар арафасида маслаҳатчилар жамоаси Low hanging fruits рўйхатини тузади. Яъни амалга ошириш қийин бўлмаган масалалар. Бандлар қиймати милиция формаси ёки куч тузилмалари ходимларининг устама пулларидан ҳам кам бўлиши мумкин, бироқ унинг самараси юз баробар кўпроқ. Энг муҳими — ҳокимиятга қарши бориш ҳеч кимнинг калласига келмайди. Фуқаролар сайлов участкаларига ўз оёғи билан югуриб боради.

Азиза Умарова ҳозирча Ўзбекистонда Low hanging fruits кузатилмаётгани сабаб ўз таклифларини билдирган. У қадар қийин бўлмаган олти қадам:

Марҳаматли подшоҳ ролини ўйнаш
«Мовий гумбазлар» парки муаммосига самарали киришиб, стела қуриш ғоясини Tashkent City’га кўчириш. Зиёлилар қатлами дарҳол сиз тарафда бўлади.

Ижтимоий ҳимоя
«Одамлар ҳақида қайғурамиз» соуси остида ижтимоий ҳимоя бўйича ихтисослаштирилган идора яратилишини эълон қилиш. Бизда 2016 йилдан буён ижтимоий ҳимоя йўқ, бу ақлга сиғмайди.

Ва ушбу идора ниҳоят ҳеч бўлмаганда инқирозли оилалар билан ишловчи 10 минг нафар профессионал ижтимоий хизмат ходимларини ёллайди/тайёрлайди. Болалар қийноққа солиняптими? Собиқ маҳбус қамоқдан уйига қайтдими? Ўз жонига қасд қилишга мойил ва эри томонидан мунтазам калтакланиб келинаётган аёл? Ногиронлиги бор бўлган фарзанд ва ишсиз ота-она?

Ижтимоий хизмат ходимлари бошқа керакли хизматларни аралаштириб, мураккаб вазиятдан чиқишга ёрдам беради. Бу фуқароларга ғамхўрлик қилиш имитациясини истисно этади ва тўлақонли ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини назарда тутади. Бутун республика бўйича ижтимоий соҳа ходимларини таъминлашга Тошкент шаҳрининг битта ободонлаштириш хизматининг йиллик бюджетидан бир неча баравар кам маблағ керак бўлади (мен қанча сарфланишини биламан, шунинг учун фактга таяниб гапиряпман).

Болалар
«Болалар ҳақида қайғурамиз» соуси остида болалар онкологиясини реформация қилиш. Онкология ва гематология (қон саратони) мамлакатда ҳамон алоҳида даволанмоқда. Бу ҳам етмаганидек на республика онкологиясида, на гематологияда элементар реанимация бор. Болалар эса мунтазам операция қилинади, шу билан бирга, ихтисослашган болалар шифокори йўқ. Болалар вафот этмоқда.

Зудлик билан гематология ва онкологияни бирлаштириш ва янги Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази базасида онкогематология билан оғриган болалар учун 100 (асло бундан кам эмас, ҳозир 20 койка ўрин ҳақида гап-сўзлар юрибди) койка яратиш. Амалдаги тизимни қайта ташкил этишга қодир инглиз тилини биладиган замонавий ёш тиббиёт ходимлари керак ва зудлик билан даволашнинг халқаро протоколларини қабул қилиш лозим. Жони сақлаб қолинган болаларнинг тарихини бемалол ОАВда эълон қилса бўлади. Ҳозирда онкологик касалликка чалинганларнинг асосий қисми бошқа мамлакатда даволанишга кета олгани сабаб омон қолмоқда. Давом этишга ҳожат йўқ…

Божлар
Сўнгги 20 йил ичида ижтимоий инжиниринг (social engineering) маҳаллий машиналарни сотиб олишни одамларнинг асосий орзуси сифатида шакллантирди. Қадриятларнинг таназзули ачинарли, аммо уни ўзгартиришга энди кеч. Бироқ «Сизнинг оғриғингизни кўряпмиз» шиори остида мамлакатга олиб кирилаётган автомобиллар учун импорт божини камайтириш керак. Ортиқча гап-сўзларсиз.

«Снос»лар
Эртанги кунга бўлган ишонч сўниб бормоқда. Ер олди-сотдисининг яширин бозори, коррупция, қурилиш нормаларига риоя қилмаслик гуллаяпти, янги қурилган уйлар қуламоқда, кўчириб юборилган аҳолининг ярмидан ками компенсация олган. Янги муддатга бу каби оғир мерос билан бормаслик учун мантиқий нуқта қўйиш керак. Ноқонуний «снос»лар ҳақида шубҳасиз айтилиши керак ва мамлакатнинг бешта йирик шаҳарининг бош планини эълон қилиш зарур. Уй-жой қуриш, ижтимоий инфратузилма ва тижорат кўчмас мулки учун аниқ зоналарни онлайн равишда белгилаб қўйиш лозим. Бу одамларга оз бўлса-да, эртанги кунга ишонч беради.

Вилоятлар
Кимдир қишлоқларга қадар газ, электр энергияси ва сувни ростан ҳам тортиб келишига шубҳаланаман. Бу менимча, ёш болага ҳам аён. Бироқ қишлоққа оптик тола тортиб келиш ҳисобига пиар қилиш варианти мавжуд. Ахир вилоятларда тезкор интернет умуман йўқ — тош асри. Шу сабабли рақамли Ўзбекистонни интернет ўсиш драйверига айланадиган жойда бошлаш керак.

Агар биз экспорт жараёнларини соддалаштирсак, таълим мазмунини тўлдирсак ва бу йўлда тез ўрганиш учун имконият яратадиган бўлсак, интернет ҳаёт сифатини бироз яхшилаши мумкин. Сайловчиларга шу керак. Ҳурматли Президент, илтимос, сайловлар олдидан янги маслаҳатчиларни жалб қилинг. Сизга кайфиятни нозик тушунадиган одамлар керак. Қовун туширишади… Мен рўйхатни чексиз тузишим мумкин эди. Бироқ 6 эгри рақамида тўхтайман. Ўз бандларингизни қўшинг.

Маълумот учун, Азиза Умарова Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Буюк Британиянинг Сент-Эндрюс университетида таҳсил олган. Давлат бошқарувида ислоҳотлар ва модернизация, электрон ҳукумат, гендер масалалари бўйича мутахассис. Ҳозирда Сингапурнинг Smartgov Consulting компанияси ижрочи директори. У #Aziza Умар кундалиги Telegram каналида турли масалалар бўйича ўзининг фаол фуқаролик муносабатини билдириб боради.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Азиза Умарова ҳукуматга сайловлар арафасида аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш учун 6та таклифни билдирди