12:30 / 01.03.2021
1 383

1 мартдан нималар ўзгарди?

1 мартдан нималар ўзгарди?
«Ҳуқуқий ахборот» канали 2021 йил 1 мартдан кучга кирадиган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

Бошқа ҳудудга бориб ишлайдиган ўқитувчи-педагогларга устамалар тўланади
Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар жорий қилинади.

Бунда:
  • бир маъмурий-ҳудудий бирликлар доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз;
  • бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз махсус устамалар тўланади.

Тадбиркорларга махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситаларни ўрнатишга рухсат берилади
Тадбиркорларга 2021 йил 1 мартдан қуйидагиларни амалга оширишга рухсат этилади:
  • йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситалари ўрнатилишини ташкил этиш;
  • транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш соҳасида автомобиль йўлларида автоматлаштирилган ўлчов воситалари билан жиҳозланган оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар ўрнатилишини ташкил этиш.

Айрим таълим ташкилотлари халқ таълими соҳасидаги ходимларнинг малакасини оширади
2021 йил 1 мартдан педагог кадрлар тайёрлайдиган ОТМ ҳамда лицензияга эга нодавлат таълим ташкилотларига халқ таълими соҳасида фаолият кўрсатаётган раҳбар, мутахассис ва педагог ходимларнинг малакасини ошириш ҳуқуқи берилади.

Алимент мажбуриятларини бажариш алимент мажбуриятларни ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими орқали амалга оширилади
Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисобварағи билан интеграция қилинади.

Бунда:
  • Мажбурий ижро бюроси томонидан ижро ҳужжатлари бўйича ундирувчи (алимент олувчи) номига тегишли банк картаси расмийлаштирилади;
  • алимент пуллари, шу жумладан қарздорнинг иш ҳақидан ушлаб қолинган алимент пуллари ушбу алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисобварағи орқали мазкур банк картасига ўтказилади.

Тадбиркорлар давлат органлари ва ташкилотлари томонидан айрим турдаги давлат хизматлари кўрсатилишида агент сифатида иштирок этиши мумкин
Давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида тадбиркорларга давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан давлат хизматлари марказлари томонидан айрим турдаги давлат хизматлари кўрсатилишида агент сифатида иштирок этишга рухсат берилади.

Бунда:
  • агент сифатида хизматларни кўрсатувчи тадбиркорларнинг ходимлари аккредитациядан ўтган ўқув марказлари томонидан бериладиган ва кўрсатилиши мумкин бўлган хизматлар турлари аниқ белгиланган сертификатга эга бўлиши шарт;
  • сертификатлар 3 йил муддатга берилади ва уларни бериш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади;
  • тадбиркорлар томонидан агент сифатида хизматларни кўрсатиш Давлат хизматлари агентлигининг ягона платформаси доирасида амалга оширилади.

Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар ички ишлар органлари томонидан аниқланади
Ижро ҳужжатларида мажбурий тартибда қарздор-жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (Ўзбекистон фуқароси ҳисобланмаган жисмоний шахс бўйича – шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларнинг реквизитлари), шунингдек, қарздор – юридик шахснинг солиқ тўловчи идентификация рақами кўрсатилади.

Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш вазифаси – Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш вазифаси – ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.

Икки қаватдан юқори бўлган бино ва иншоотлар уларнинг лойиҳа ҳужжатлари мажбурий экспертизадан ўтказилган ҳолда қурилади

2021 йил 1 мартдан икки қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш объектнинг лойиҳа ҳужжатлари мажбурий экспертизадан ўтказилган ҳамда Қурилиш вазирлиги қошидаги қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан давлат қурилиш назорати ўрнатилган ҳолда амалга оширилади.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаб йиғиш тизими босқичма-босқич жорий этилади
Қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаб йиғиш тизими қуйидаги тартибда жорий этилади:

1-босқичда (2021 йилда) – Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан белгиланадиган маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида чиқиндиларни «қайта ишланадиган» ва «қайта ишланмайдиган» тоифаларга ажратган ҳолда йиғиш;

2-босқичда (2022 йилда) – «Махсустранс» ДУК томонидан хизмат кўрсатиладиган барча ҳудудлардаги якка тартибдаги турар-жой секторида қаттиқ маиший чиқиндиларни «қайта ишланадиган» ва «қайта ишланмайдиган» тоифаларга ажратган ҳолда йиғиш;

3-босқичда (2023 йилдан бошлаб) – барча туманларда чиқиндиларни «қайта ишланадиган», «қайта ишланмайдиган», «органик», «хавфли маиший чиқиндилар» ва бошқа тоифаларга ажратган ҳолда йиғиш.

Бир қатор давлатлар фуқароларига Ўзбекистонга визасиз киришга рухсат берилади
Ўзбекистон ҳудудига кирган кундан эътиборан 10 кунлик муддатга ўз ёки учинчи мамлакатга учиш авиачиптасини тақдим қилган Баҳрайн Қироллиги, Қатар Давлати, Қувайт Давлати, Уммон Султонлиги ва Хитой Халқ Республикаси, шу жумладан Хитой Халқ Республикасининг Гонконг ва Макао махсус маъмурий ҳудудлари фуқаролари учун визасиз режим белгиланди.

Кумушни биржа орқали заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга эркин сотиш тартиби жорий этилади
Заргарлик соҳасида кенг имкониятлар яратиш учун «Навоий кон-металлургия комбинати» ДК томонидан кумушни биржа орқали заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга эркин сотиш тартиби жорий этилади.

Қишлоқ хўжалигида тадбиркорларни жалб этган ҳолда кичик илмий-инновацион корхоналар ташкил этишга рухсат берилади
Тажриба тариқасида, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги илмий-тадқиқот муассасаларида тадбиркорларни жалб этган ҳолда кичик илмий-инновацион корхоналар ташкил этишга рухсат берилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » 1 мартдан нималар ўзгарди?