10:13 / 05.03.2021
1 532

Жиноят процессини юритишда ашёвий далиллар билан ишлаш тартиби тасдиқланади

Жиноят процессини юритишда ашёвий далиллар билан ишлаш тартиби тасдиқланади
Жиноят процессини юритиш чоғида ашёвий далиллар ва бошқа моддий қимматликлар билан ишлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги қарор лойиҳаси эълон қилинди.

Бош прокуратура, Олий суд, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитасининг Суриштирув, дастлабки тергов ва суд муҳокамаси давомида ашёвий далиллар, моддий қимматликлар ва бошқа мол-мулкни олиб қўйиш (қабул қилиш), ҳисобга олиш, сақлаш, бериш, сотиш, қайтариш, йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақидаги қарори (2010 йил) амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш мақсадида қайта кўриб чиқилмоқда.

Йўриқноманинг аксарият бандларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш эҳтиёжи мавжудлиги сабабли, уни “Жиноят процессини юритиш чоғида ашёвий далиллар ва бошқа моддий қимматликлар билан ишлаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома” номи билан янги таҳрирда қабул қилиш таклиф қилинмоқда.

Хусусан, лойиҳа таҳририй жиҳатдан амалдаги бир қатор қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилмоқда. Жумладан, лойиҳани ишлаб чиқишда:

1) “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонун 8-моддаси ва 2019 йил 14 ноябрдаги 584-сон “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун 5-моддасига асосан кўп квартирали уйни бошқаришда битта ёки зич жойлашган бир нечта кўп квартирали уйда турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мулкдорларини бирлаштирувчи уй-жой мулкдорлар ширкати бўлган нотижорат ташкилотлари қайта ташкил этилди ва ушбу ташкилотлар номланишидан “хусусий” деган сўз чиқариб ташланган;

2) 2017 йил 6 сентябрдаги “Суриштирув институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қонун билан жиноят-процессуал қонунчилигида терговга қадар текширув ва суриштирув институтлари такомиллаштирилган;

3) Президентнинг 2019 йил 21 майдаги “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони 1 ва 2-бандларига кўра “иш ҳақининг энг кам миқдори” ўрнига молиявий-иқтисодий кўрсаткичларнинг чекланган миқдорини аниқлашда “базавий ҳисоблаш миқдори” қўлланилиши кўзда тутилган;

4) Президентнинг “Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 14 мартдаги фармонига кўра, Миллий хавфсизлик хизмати Давлат хавфсизлик хизмати сифатида қайта ташкил этилган;

5) Президентнинг 2018 йил 31 октябрдаги “Жиноий-ҳуқуқий статистикаси тизимини тубдан такомиллаштириш ва жиноятларни тизимли таҳлил қилиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони 9-бандига асосан ИИВ ахборот маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари тугатилиб, вазирликнинг Тезкор-маълумотлар бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилган;

6) Президентнинг 2020 йил 25 июлдаги фармонига кўра, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ташкил этилган;

7) Президентнинг 2017 йил 21 апрелдаги фармонига кўра, Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилган;

8) Президентнинг 2020 йил 22 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, фуқаролар идентификация ID-карталари жорий этилган;

9) Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат ўқ-гильзотекаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Давлат ўқ-гильзотекаси ташкил этилгани инобатга олинган.

Бундан ташқари, ҳозир кўпгина жиноятлар электрон материаллардан фойдаланган ҳолда содир этилаётганлиги сабабли лойиҳада бундай материаллар олиб қўйиш предмети сифатида белгиланмоқда.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жиноят процессини юритишда ашёвий далиллар билан ишлаш тартиби тасдиқланади