12:07 / 15.03.2021
2 663

«Сингапур» ва «Вестминстер» талабалари ўртасида содир бўлган оммавий муштлашув тафсилотлари маълум қилинди

«Сингапур» ва «Вестминстер» талабалари ўртасида содир бўлган оммавий муштлашув тафсилотлари маълум қилинди
Кадр: Telegram
Сингапур менежментни ривожлантириш институти (СМРИ) ва Тошкент Халқаро Вестминстер университети талабалари ўртасида оммавий муштлашув содир бўлгани тўғрисида хабар берилганди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг маълум қилишича, талабалар ўртасидаги жанжал пойтахтдаги 10 та хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаси жамоалари ўртасида мини-футбол бўйича ўтказилган анъанавий талабалар лигасида содир бўлган.

Маълум қилинишича, мусобақада Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ва Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети жамоаси ўзаро баҳс олиб борган. Ўйиннинг иккинчи тайми тугашига бир дақиқа қолганда тўп майдон ташқарисига чиқиб кетган ва ўша вазиятда икки футболчи-талаба тортишиб қолган. Футболчиларининг ўзаро тортишувига трибунадаги мухлислар майдонга тушиб қўшилган ва оқибатда тортишув кенгайган.

Ҳакамлар томонидан ўйин тўхтатилиб, институт хавфсизлик хизмати ходимлари зудлик билан талабаларни ажратган ва тинчлантирган. Тортишувда ҳеч бир талаба тан жароҳати олмаган. Ўйинчилар бир-биридан узр сўраб, ўзаро келишиб олган.

«Ҳолат акс этган видеотасвирлар ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг жамоатчилик орасида қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарди. Турли баҳс-мунозаралар жараёнида аслида талаба-ёшлар ўртасида бўлган ўзаро тортишув моҳиятидан узоқлашиб, оммани чалғитувчи нотўғри талқин, хато маълумотлар юзага келди», — дейилади хабарда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ушбу ҳолат тезкорлик билан назоратга олиниб, унинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилган, мусобақани ўтказишга масъул бўлган раҳбар-ходимлар ҳамда иштирокчи-талабаларнинг ҳаракатига баҳо берилган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолатнинг келиб чиқишига сабабчи бўлган мутасаддилар ва талабаларга нисбатан интизомий чоралар кўрилади. Ушбу ҳолат шу куннинг ўзида Олий ва ўрта махсус таълим вазири бошчилигида муҳокама қилиниб, келгусида бу каби салбий ҳолатлар такрорланмаслиги юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилиши белгилаб олинган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Сингапур» ва «Вестминстер» талабалари ўртасида содир бўлган оммавий муштлашув тафсилотлари маълум қилинди