18:43 / 15.03.2021
1 290

Наманганда номаълум махлуқнинг скелети топилди (фото)

Наманганда номаълум махлуқнинг скелети топилди (фото)
Фото: «Дарё»
Наманган туманининг «Қоратепа» маҳалласидаги хонадонлардан бирида ғаройиб махлуқнинг скелети топилди. Бу ҳақда «Дарё» хабар бермоқда.

Хонадон эгаси Жамолиддин Убайдуллаевнинг айтишича, 2021 йил 13 март куни тонгда ҳовлисидаги иссиқхонада лимонарий учун ер қазиётганида шу топилмага дуч келган.

Фото: «Дарё»
- «Лимон кўчатлари экиш учун яхши бўлади, ҳарорати ўзидан чиқиб туради» дейишгани учун ер ковлаётганимда 1-1,5 метр чамаси чуқурликдан шу скелет кўриниб қолди. Олдин телефонда суратга олдим, кейин суякларни шу асосда юқорига олиб чиқиб, териб чиқдим. Профилактика инспектори, маҳалла раисини чақириб келдим. Улар «чиндан ҳам ғаройиб мавжудот экан, тегмай туринг, мутахассисларни чақирамиз», дейишди. Скелетни ўзим билганимча иҳоталаб қўйдим, суратлар эса ҳамма жойда тарқалиб кетди, — дейди хонадон эгаси.

Фото: «Дарё»
Наманган давлат университети биотехнология кафедраси доценти, биология фанлари номзоди Эркин Икромовнинг дастлабки хулосаларига кўра, скелет кайнозой эраси, палеоген даврининг олигоцен босқичида, бундан 15-25 миллион йил аввал яшаган дастлабки ўтхўр сут эмизувчиларга мансуб бўлиши мумкин.

Фото: «Дарё»
«Бу мавжудот сут эмизувчилар синфи, тоқ туёқлилар туркуми, гиракодонтлар оиласига (бу оила вакиллар неоген даврида иқлимнинг кескин ўзгариши сабабли бутунлай қирилиб кетган) тегишли номаълум тур. Улар индрикотерийлар билан замондош бўлган. Топилманинг бўйи 1-1,5 метр чамасида, вазни ярим тоннага яқин.

Янги топилган ҳайвон скелети Наманганда аниқланган дастлабки шундай топилма эмас. Бундан бир неча йиллар аввал вилоят театри атрофида қазиш ишлари олиб борилаётганда ҳам юза қисмида шундай скелет — бош суяги топилган, бироқ ҳозиргиси каби бус-бутун сақланмаган эди
», — дейди олим.

Фото: «Дарё»
Ҳозирда «Қоратепа» маҳалласидаги хонадондан топилган ғаройиб махлуқнинг скелетини томоша қилиш учун ҳар куни юзлаб одам келмоқда. Топилмага зиён-заҳмат етмаслиги учун ён-атрофи ўраб қўйилган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Наманганда номаълум махлуқнинг скелети топилди (фото)