21:23 / 18.03.2021
1 923

Президент: «Тошкент вилоятига 119 трлн сўм йўналтирилади. Ҳали ҳеч бир вилоятда бундай марра олинмаган»

Президент: «Тошкент вилоятига 119 трлн сўм йўналтирилади. Ҳали ҳеч бир вилоятда бундай марра олинмаган»
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги «Эшонобод» маҳалласини бориб кўрди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, бу ерда 3 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Уларга муносиб турмуш шароитлари яратиш мақсадида «Обод қишлоқ» дастури доирасида уйлар, мактаблар, йўллар ва коммунал тармоқлар таъмирланиб, замонавий маданият саройи барпо этилди.

Давлат раҳбари бу ерда маҳалланинг турли миллатга мансуб вакиллари билан суҳбатлашди.

Фото: Президент матбуот хизмати
«Бугун келишимдан мақсад — Тошкент вилоятида ҳам замонга муносиб шароит яратиш. Вилоятда салкам 3 миллион аҳоли бор. 150 минг нафари ишсиз. Шунинг учун ҳар бир маҳалладаги «ўсиш нуқталари»ни топиб, шунга жавобгарларни белгилаб, керакли маблағларни бериб, одамларни иш билан таъминлашимиз керак. Ичимлик суви, электр энергияси, йўл, таълим ва бошқа шароитларни яхшилаш зарур. Бу мақсадлар учун йирик ва ўрта лойиҳалар учун вилоятга 119 триллион сўм йўналтирилади. Ҳали ҳеч бир вилоятда бундай марра олинмаган», — деган Президент.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Чиноз туманидаги ўзгаришлар, имкониятлар ҳақида ҳам тўхталди.

«Ўзи Чиноз туманида ишсиз бўлиши керак эмас. Ери кенг, одамлари меҳнаткаш. Ҳар бир уйда, ҳар бир кўчада маданият бўлиши керак. Халқимиз айтганидек олма пиш, оғзимга туш, деган билан натижа бўлмайди. Биргаликда ҳаракат қилишимиз зарур. Ўзгаришларни истасак, ҳаммамиз онгли равишда ўзгаришимиз керак», — деган давлат раҳбари.

Хабарда айтилишича, маҳаллада давлат хизматлари маркази шохобчаси, банк филиали, тиббиёт пункти, тикувчилик корхонаси ҳам ташкил этилган бўлиб, давлат раҳбари Qo‘jakent tekstile group корхонасидаги иш жараёнини кўздан кечирди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Бу ерда икки сменада 500 нафар хотин-қиз ишламоқда. Охирги бир ярим ойда 100 минг долларлик тайёр кийимлар экспорт қилинган. Корхонанинг ўзида тикиш-бичишни ўргатувчи 200 ўринли ўқув маркази ҳам очилган.

Мутасаддиларга тадбиркорларга кўмаклашиб, бино ва маблағлар ажратиб, бундай кичик корхоналарни кўпайтириш ва 3 минг нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш бўйича кўрсатма берилди.

Президент шу ерда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мулоқот қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент: «Тошкент вилоятига 119 трлн сўм йўналтирилади. Ҳали ҳеч бир вилоятда бундай марра олинмаган»