09:30 / 23.03.2021
1 541

Ўзбекистонда тадбиркорларнинг электр таъминотига уланиши учун йиғим жорий этилиши кутилмоқда

Ўзбекистонда тадбиркорларнинг электр таъминотига уланиши учун йиғим жорий этилиши кутилмоқда
Фото: «Ҳудудий электр тармоқлари» матбуот хизмати
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги «Истеъмолчиларнинг электр тармоқларига уланиши бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, юридик ва жисмоний шахсларни электр тармоқларига улаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланади ва 2021 йил 1 августдан бошлаб кучга киритилади. Истеъмолчиларни электр тармоқларига улашнинг барча босқичлари тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда «Электр» дастурий таъминоти ҳамда давлат хизматлари марказлари, ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.

Бунда:
  • қуввати 20 киловаттгача бўлган истеъмолчилар (маиший истеъмолчилардан ташқари) тайёр ҳолда электр тармоқларига уланиш бўйича «Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» («ҲЭТК»)га базавий ҳисоблаш миқдори (22 март ҳолатига кўра, 245 минг сўм)нинг 30 баравари (7 миллион 350 минг сўм) миқдорида;
  • қуввати 20 киловаттдан 50 киловаттгача бўлган истеъмолчилар электр тармоқларига уланиш бўйича «ҲЭТК»га БҲМнинг 60 баравари (14 миллион 700 минг сўм) миқдорида бир марталик тўловни амалга оширади.

Ушбу истеъмолчиларни электр тармоқларига тайёр ҳолда улаш юзасидан барча ишлар (электр таъминоти лойиҳасини ишлаб чиқиш, қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларини бажариш, электр энергиясини ўлчаш воситасини ўрнатиш ва пломбалаш нарядини расмийлаштириш ва электр таъминоти шартномасини тузиш) «ҲЭТК» томонидан амалга оширилади.

«ҲЭТК»га тўланадиган бир марталик тўлов суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
- 97 фоизи «ҲЭТК»нинг банк ҳисобварағига;
- 2 фоизи «Ўзэнергоинспекция» банк ҳисобварағига;
- 1 фоизи танлов савдолари якунида ғолиб бўлган, онлайн платформа яратган ташкилот ҳисобварағига ўтказилади.
Ушбу ҳужжат лойиҳасини муҳокама қилиш 4 апрелгача давом этади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг октябрь ойида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ раиси Улуғбек Мустафоев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида Президент Шавкат Мирзиёев 2021—2022 йилларда электр энергияси тарифларини оширмаслик бўйича топшириқ берганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, қилинадиган модернизация ва реконструкция ишлари тарифни кўтариш ҳисобидан эмас, балки ишлаб чиқаришда кетадиган харажатларни, яъни таннархни камайтириш ҳисобига эришиш вазифаси қўйилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда тадбиркорларнинг электр таъминотига уланиши учун йиғим жорий этилиши кутилмоқда