21:53 / 24.03.2021
2 131

Шавкат Мирзиёевга янги матбуот котиби тайинланди

Шавкат Мирзиёевга янги матбуот котиби тайинланди
Фото: Facebook / Шерзод Асадов
Президент раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев Администрация раҳбариятига ўзгартириш киритилишини маълум қилди. Бу ҳақда «Дарё» хабар бермоқда.

«Ташқи ишлар вазири ўринбосари Шерзод Асадов Администрацияси раҳбари ўринбосари — президент матбуот котиби бўлади. Мен бугун шу бўйича фармонни имзоладим. Шерзод Асадовнинг билими бор, хорижий тилларни билади, дунёни кўрган», — деди Президент.

Бундан ташқари, давлат раҳбари унга вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари матбуот котиблари билан ишлаш, уларни ўргатиш бўйича топшириқ берди.

Президент Шерзод Асадов ҳар битта вазирлик ва идора раҳбарлари матбуот хизматларининг ҳисоботини тинглаб, уларнинг фаолиятини тўғри йўлга қўйишда кўмаклашади.

Шерзод Асадов 1981 йил 4 майда Бухоро вилоятида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. Асадов рус, инглиз, испан, турк тилларини билади.

У иш фаолиятини 2007 йилда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ташқи сиёсий фаолият таҳлили ва стратегияси бош бошқармаси референти, атташеси лавозимидан бошлаган.

Фаолияти давомида Шерзод Асадов Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчихонаси атташеси, 3-котиби (2008—2012), Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ёрдамчиси (2015—2017), Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси маслаҳатчиси — Муваққат ишлар вакили (2017—2018), Ўзбекистоннинг Австриядаги фавқулодда ва мухтор элчиси, Ўзбекистон Республикасининг ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакили (2018—2020) ҳамда 2020 йил 19 мартдан ушбу тайинловгача Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари сифатида ишлаган.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёевга янги матбуот котиби тайинланди