21:23 / 25.03.2021
2 563

Ходим жиноятга қўл урди

Ходим жиноятга қўл урди
“Табиий газ - миллий бойлигимиз!”, миллий бойлигимизни асраш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Дарҳақиқат ҳар бир ресурсларни тежаб, улардан оқилона фойдаланиш, уларни келажак авлодга етказиш учун ҳар биримиз жавобгармиз. Лекин, орамизда бу соҳада қонунбузилишларга йўл қўяётган фуқаролар ҳам учраб туради.

Судланувчи В.Асрорқулов (исм шарифлар ўзгартирилган) 2014 йилдан 2019 йил 11 ноябрь кунига қадарли “Ўзтрансгаз” АЖ Навоий вилояти бўйича газтаъминоти ҳудудий филиали “Хатирчи-Нурота” туманлараро газ таъминоти участкаси ёрдамчи персонал коменданти вазифасида ишлаб келиб, филиал билан 14.09.2017 йилда тузилган моддий жавобгарлик шартномасига асосан тўлиқ моддий жавобгар шахс бўлгани ҳолда, унга ишониб топширилган товар моддий бойликларни тўлиқ ва бут ҳолатда сақлаш, белгиланган тартибда ҳисобини юритиш, улардан иш жараёнида тўғри фойдаланиш, берилган топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажаришни таъминлаш каби вазифалар юклатилган бўлса-да, ўзининг моддий жавобгарлигида бўлган “Хатирчи-Нурота” туманлараро газ таъминоти участкасига тегишли бўлган 105.158.648 сўмлик 648 дона маиший газ баллонларни белгиланган мақсадларда аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектларига етказиб бермасдан ўзига маълум бўлган шахсларга ўтказиб, мавжуд камомадни яшириш мақсадида, сохта ҳисоботлар юритиб келиб, ўзининг ушбу жиноий ҳаракатлари билан ўзининг ихтиёрида бўлган ва унга ишониб топширилган “Хатирчи-Нурота” туманлараро газ таъминоти участкасининг 105.158.648 сўмлик мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Шунингдек, у ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Навоий вилояти бўйича газтаъминоти ҳудудий филиали “Хатирчи-Нурота” туманлараро газ таъминоти участкаси ёрдамчи персонал коменданти вазифасида ишлаб келиб, жавобгарлигидаги маиший газ баллонларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги натижасида юзага келган 105.158.648 сўмлик 648 дона маиший газ баллонлар камомадини яшириш мақсадида:

- Нурота газтаъминот участкасидаги яроқсиз ҳолга келиб қолган маиший газ баллонларни ҳисобдан чиқариш ҳақидаги санаси кўрсатилмаган ҳамда 18.10.2019 йилдаги далолатномаларни,
- Нурота газтаъминот участкасидаги яроқсиз ҳолга келган маиший газ баллонларни “Синов ўтказиш ва таъмирлаш цехи”га юбориш ҳақидаги 18.10.2019 йилдаги далолатномани,
- Навоий вилояти ҳудудий газ таъминоти филиали маиший газ баллонларни “Синов ўтказиш ва таъмирлаш цехи” ходимларининг маиший газ баллонларни синовдан ўтказганлик ҳақидаги 30.09.2019 йилдаги ва 18.10.2019 йилдаги далолатномаларни сохталаштирган.

У ўзининг жавобгарлигидаги 648 дона маиший газ баллонларни камомади мавжудлигини билса-да, муайян ҳуқуқ берадиган ёки муайян мажбуриятдан озод қиладиган расмий ҳужжат ҳисобланган маиший газ баллонларни ҳисобдан чиқариш ҳақидаги далолатномаларга сохта маълумотлар киритган ҳолда расмийлаштириб, мазкур ҳужжатларни сохта эканлигини била туриб, ундан фойдаланиб, “Узтрансгаз” АЖ Навоий вилояти бўйича газтаъминоти ҳудудий филиали ҳисобхонасига тақдим қилиб, жавобгарлигида бўлган 105.158.648 сўмлик маиший газ баллонларини камомадини ҳисобдан чиқаришга эришган.

Судда сўроқ қилинган судланувчи В.Асрорқулов ўз кўрсатмасида қилмишидан чин кўнгилдан пушаймондалигини, етказилган зарарлар тўлиқ қопланганлигини, оилавий шароитини инобатга олиб қонуний енгиллик беришни сўради.

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Нурота туман суди томонидан кўриб чиқилиб, В.Асрорқуловга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

В.Асрорқулов томонидан жиноят йиллар давомида содир этилганлиги бу борада юқори турувчи органлар томонидан ўз вақтида назорат қилинмаганлиги, жиноят содир этилишига бамайлихотир қараб турилганлигидан далолат беради.

Ҳар бир соҳада ҳаққонийлик, чин кўнгилдан ишлаш, адолатлилик ҳукм сурмас экан, ушбу турдаги жиноятлар содир бўлаверади. Шу сабабли, ҳар бир ходим фаолиятини тизимли ва изчил назорат қилиш келажакда адолатли ва самарали ишлаш механизми яратилишида асос бўлиб хизмат қилади.

Ибрагимов Зафар Саходинович,
Жиноят ишлари бўйича
Нурота туман суди раиси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ходим жиноятга қўл урди