20:53 / 31.03.2021
2 325

Ўзбекистонда блогерлар ва сайт эгаларига ахборот тарқатишда қўйилган талаблар кучайтирилди

Ўзбекистонда блогерлар ва сайт эгаларига ахборот тарқатишда қўйилган талаблар кучайтирилди
Ўзбекистонда сайт ёки сайт саҳифаси эгаларига, шу жумладан, блогерларга ахборот тарқатишда қўйилган талаблар кучайтирилди. Уларга хусусан, тартибсизликлар ва митингларга чақириқлар, жамият ва давлатга ҳурматсизликни ифодалайдиган маълумотларни эълон қилиш тақиқланади.

Бу ҳақда Президент томонидан 30 март куни имзоланган қонун билан «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 12-1-моддасига (ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш) тегишли қўшимча киритилди.

Эндиликда ушбу модда қуйидаги таҳрирда баён этилган:

«Веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифаси ёки бошқа ахборот ресурси эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифаси ёхуд бошқа ахборот ресурсидан:
  • Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш;
  • оммавий тартибсизликларга, фуқароларга нисбатан зўравонликка, белгиланган тартибни бузган ҳолда ўтказиладиган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишларда иштирок этишга даъват қилиш, шунингдек ушбу ноқонуний ҳаракатларни мувофиқлаштиришга чақириш;
  • жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатиш;
  • уруш, зўравонлик ва терроризм, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш;
  • давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил этувчи маълумотларни ошкор қилиш;
  • миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш;
  • ахлоқсиз шаклда ифода этилган ахборотни, шу жумладан, жамиятга, давлатга, давлат рамзларига ҳурматсизликни кўрсатадиган маълумотларни тарқатиш;
  • гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;
  • порнография, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилиш, шунингдек ўз жонига қасд қилишга ундаш;
  • фуқароларни, шу жумладан вояга этмаганларни, уларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига ёки бошқа шахсларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига таҳдид соладиган ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этишга ишонтиришга ёки бошқача тарзда жалб қилишга қаратилган маълумотларни тарқатиш;
  • қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш мақсадларида фойдаланилишига йўл қўймаслиги шарт.

Шунингдек, сайт эгаси ва блогерга ўзларининг интернетдаги саҳифаларини, шу жумладан, жамоат учун очиқ бўлган маълумотлар жойлаштирилган тезкор хабар алмашиш тизимларини кузатиб бориш, юқоридаги маълумотлар ва материалларни аниқлаш мажбурияти юклатилди.

Бундан ташқари, юқоридаги талаблар бажарилмагани оқибатида сайт эгаси ёки блогер томонидан ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган шахслар ўз ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси, шу жумладан, етказилган зарарни қоплаш талаблари билан белгиланган тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Қонунга киритилган тегишли ўзгаришлар 31 мартдан эътиборан кучга кирди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда блогерлар ва сайт эгаларига ахборот тарқатишда қўйилган талаблар кучайтирилди

Жамият янгиликлари