08:00 / 21.04.2021
2 755

Фарғонада кундошининг 9 ёшли қизининг бошига уриб, каналга ташлаб юборган аёл ушланди


Фарғона вилояти Бувайда туманида 14 апрель куни 9 ёшли қизнинг бошига уриб, каналга ташлаб юборган аёл ушланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, 14 апрель куни Бувайда тумани Ички ишлар бошқармаси навбатчилик қисмига «Маслаҳат» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтган Ойимтарра каналига 9 ёшли қиз номаълум аёл томонидан уриб, ташлаб юборилгани ҳақида хабар келиб тушган. Аниқланишича, фуқаро М.Й. турмуш ўртоғи Б.Й. билан шаръий никоҳ асосида яшаб келаётган фуқаро М.Ж.дан рашк қилган.

Кундошидан ўч олиш мақсадида унинг 2012 йилда туғилган вояга етмаган қизи Ф.Ф.ни 14 апрель куни мактабдан алдаб, Ойимтарра канали яқинига олиб келиб, қасддан ўлдириш мақсадида номаълум жисм билан унинг бош соҳасига уриб, каналга ташлаб юборган.

Ушбу ҳолатни кўриб қолган Бувайда туманида яшовчи, 2005 йилда туғилган Ш.Й. Ф.Ф.ни каналдан қутқариб олиб, ҳаётини сақлаб қолган.

Ҳолат юзасидан Бувайда туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25, (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) 97-моддаси 2-қисми «в» (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни ўлдириш) банди билан жиноят иши қўзғатилиб, М.Й.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мактаб ўқувчиси Ш.Й.га жасорати учун вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан ташаккурнома ва совғалар берилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фарғонада кундошининг 9 ёшли қизининг бошига уриб, каналга ташлаб юборган аёл ушланди