10:24 / 27.04.2021
920

Туркияга кириш учун жорий этилган шартлар 31 майга қадар узайтирилди

Туркияга кириш учун жорий этилган шартлар 31 майга қадар узайтирилди

Туркия ҳукумати чет эл давлатлари (6 ёш ва ундан катта) фуқароларининг мамлакатга кириши учун илгари киритилган қоидаларни 2021 йил 31 майга қадар узайтирди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги элчихонаси берган маълумотга кўра, Туркияга келишдан 72 соат олдин ПЦР тестидан ўтиш ва инглиз тилига таржима қилинган QR-кодли тегишли маълумотмона олиниши керак. Маълумотномада Negative Sars-CoV-2 PCR сўзлари ёзилган бўлиши лозим.

Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги веб-сайтида қуйидаги ҳавола орқали ПЦР тестини топшириш тўғрисидаги шаклни тўлдириш керак. Бунда хорижга чиқиш паспортида ёзилгани каби инглиз тилида исм, фамилия, телефон, электрон почта, авиарейс, Туркияда вақтинча туриш манзили, Туркияга келгунга қадар охирги 10 кун ичида ташриф буюрган мамлакатлар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши керак.

Шундан сўнг тўлдирилган ариза шаклини чоп этиб ва уни мобил қурилмага (смартфон, планшет ва ҳ.к.) юклаб олиш лозим — анкетани тўлдиргандан сўнг саёҳат пайтида тақдим этилиши керак бўлган шахсий HES коди ҳосил бўлади. Туркияда меҳмонхона, қатор объектларни зиёрат қилиш ва тадбирларда иштирок этиш учун ушбу HES кодини кўрсатиш талаб этилади. HES кодини босма шаклда ҳам, мобил қурилманинг экранида ҳам тақдим этиш мумкин.

Жўнаш аэропортида авиакомпания ходимига қоғозга чиқарилган ёки мобил қурилмага юклаб олинган сўровномани тақдим этиш лозим. Анкетасиз самолётга чиқиш рад этилади.

«Шуни таъкидлаш керакки, Туркияга HES кодисиз келган хорижий давлатларнинг фуқароларига мамлакатга кириш тақиқланиши ҳамда улар ўзларининг маблағлари ҳисобидан депортация қилиниши мумкин», — дейилади ТИВ хабарида.

Ушбу талаб транзит йўловчиларига тааллуқли эмас.
Эслатиб ўтамиз, Туркияга бормоқчи бўлган фуқаролар учун мажбурий электрон сўровнома 15 мартдан жорий қилинган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Туркияга кириш учун жорий этилган шартлар 31 майга қадар узайтирилди