22:12 / 30.04.2021
1 958

Айрим ННТларни давлат рўйхатидан ўтказишда давлат божи ундирилмайди


  Бугун, 30 апрель куни Миллий матбуот марказида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва қабул қилинган сўнги қонун ҳужжатлари бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Адлия вазирлиги, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этишди.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги ПҚ-5012-сон ва 4 мартдаги ПФ–6181-сон Фармони мазмун-моҳияти, мазкур ҳужжатларни қабул қилишдан мақсад  ҳамда ҳужжатлар асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида бўлиши кутилаётган ўзгаришлар муҳокама қилинди.

      Таъкидланишича, ПҚ-5012-сон қарорга кўра, 2021 йил 1 мартдан:
 -    нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилган (маълумот учун) ҳолда хорижий манбалардан олинадиган пул маблағлари ва мол-мулкнинг бир календарь йилидаги жами суммаси БҲМнинг 20 бараваридан 100 бараваригача оширилади;
 -    нодавлат нотижорат ташкилотини қайта рўйхатдан ҳамда унинг рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати 1 ойдан 15 кунгача қисқартирилади;
 -    ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун давлат божи ундирилмайди;
 -    нодавлат нотижорат ташкилотининг алоҳида бўлинмаси юридик шахс ҳисобланади, бунда алоҳида бўлинмаларни ҳисобга қўйиш тартиби бекор қилинади.

Бундан ташқари маҳаллий ННТларни ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларни молиялаштириш учун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига давлат субсидияси ажратилади.

Қарорга кўра, фаолиятини вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган ННТ ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳисобланиб, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун БҲМнинг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.

Бундан ташқари ПФ–6181-сон Фармони билан 2021 йил 1 апрелдан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари (комиссиялар) мажлисларида иштирок этувчи доимий вакили институти жорий этилади. 

Доимий вакил фуқаролик жамияти ривожига ҳисса қўшган, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатган, эл-юрт иззат-ҳурматига сазовор бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари орасидан Жамоатчилик палатаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

Шунингдек, мутасадди ташкилотлар вакиллари томонидан ушбу Президент ҳужжатларининг аҳамияти, нодавлат нотижорат ташкилотлари соҳасининг кейинги 5 йиллик ривожланиш тенденциялари, жорий қилинаётган янгиликларнинг ННТлар учун муҳим жиҳатларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Адлия вазирлиги 
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Айрим ННТларни давлат рўйхатидан ўтказишда давлат божи ундирилмайди