08:00 / 02.05.2021
1 860

Ўзбекистонда вазирлар 490 млн, ҳокимлар 245 млн сўмгача бўлган хизмат машиналарини миниши белгиланди


Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарорга асосан давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларини бириктириш меъёрлари тасдиқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.

Унга кўра:
  • вазирлар, давлат қўмиталари раҳбарлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига бириктириладиган хизмат автотранспортининг энг юқори нархи — БҲМнинг 2000 баравари (490 миллион сўм)дан;
  • уларнинг ўринбосарлари хизмат автотранспортининг энг юқори нархи — 1500 баравари (367,5 миллион сўм)дан;
  • туман ва шаҳар ҳокимлари хизмат автотранспортининг энг юқори нархи — БҲМнинг 1000 баравари (245 миллион сўм)дан;
  • давлат бошқаруви органларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўлинмалари раҳбарлари, шунингдек, туман, шаҳар ҳокими ўринбосарлари хизмат автотранспорти нархи — БҲМнинг 700 баравари (171,5 миллион сўм)дан ошмаслиги белгиланди.
Шунингдек, давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспортларини янгисига алмаштириш ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотларга ўтказиб бериш автотранспортдан камида 5 йил фойдаланилгандан сўнг амалга оширилиши мумкинлиги белгиланди (фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган автотранспорт воситалари бундан мустасно).

Қарорга кўра, давлат ташкилотларида фойдаланишда мавжуд бўлган хизмат автотранспортлари икки ой ичида хатловдан ўтказилади ва белгиланган меъёрлар бўйича лимитдан ортиқча бўлган хизмат автотранспортлари рўйхати шакллантирилади.
Бундан ташқари, шакллантирилган рўйхат асосида ортиқча хизмат автотранспорт воситалари 2021 йил 1 августга қадар электрон аукцион савдоларига қўйилиши белгиланди.

Шу билан бирга, давлат органлари ходимларининг шахсий автомобилларидан хизмат мақсадларида фойдаланганликлари учун компенсация тўлаш тартибини назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси (уч ой муддатда) ишлаб чиқилиши қайд этилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда вазирлар 490 млн, ҳокимлар 245 млн сўмгача бўлган хизмат машиналарини миниши белгиланди