00:16 / 06.05.2021
2 959

Ўзбекистонда ўсимлик ёғи импорти ҚҚСдан озод қилинганидан сўнг қарийб икки баравар ошди

Ўзбекистонда ўсимлик ёғи импорти ҚҚСдан озод қилинганидан сўнг қарийб икки баравар ошди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CЕRR) Ўзбекистонда ўсимлик ёғи бозоридаги вазиятни таҳлил қилди. Review нашрининг марказ маълумотларига таяниб ёзишича, ўсимлик ёғи импорти ҚҚСдан озод қилинганидан сўнг қарийб икки баравар ошди.

Эслатиб ўтамиз, 30-аперл куни Шавкат Мирзиёев Солиқ кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолаганди. Ҳужжатда бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши назарда тутилган.

Натижада Ўзбекистон ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек, соя данагини олиб кириш, ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма 2021 йил 1 майдан 31 декабргача қўшилган қиймат солиғидан озод қилинди.

Ушбу қонуннинг кучга кириши нарх-навонинг ошишига таъсир кўрсатган яна бир омил бўлди. Бу божхона омборларида ўсимлик ёғининг ортиқча миқдорда тўпланишига олиб келди. Хусусан, 2021 йилнинг 27 апрель ҳолатига кўра, божхона омборларида 4,7 миллион долларга тенг 3,5 минг тонна кунгабоқар ёғи ва май ойи бошида (2021 йил 4 май) эса 6,5 минг тонна писта ёғи мавжуд эди.

Ҳозир эса таҳлилчиларнинг қайд этишича, ўсимлик ёғи нархининг ўсиши тўхтади. Операцион маълумотларга кўра, ўтган ҳафта ўсимлик ёғи нархларининг 1,5 фоизга, бир ҳафта олдин эса 5 фоизга пасайиши кузатилди. Бозорнинг ушбу кўрсаткичлари ўсимлик ёғи нархлари даражасининг барқарорлашув тенденциясини кўрсатади.

Нархлар нега кўтарилганди?
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг апрель ойида деҳқон бозорлари ва савдо марказларида республикадаги ўсимлик ёғининг ўртача нархи 16 271 сўмни ташкил этганди, бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 5451 сўм кўп (50 фоиз ўсиш).

2020 йилда Ўзбекистонда 500 минг тоннага яқин ўсимлик ёғи сотилган. Импорт улуши 57 фоизни (285 минг тонна), маҳаллий ишлаб чиқариш улуши эса 43 фоизни (249 минг тонна, шу жумладан, 32 минг тонна экспорт) ташкил этган.
Ўзбекистонда ўсимлик ёғи нархининг ошиши бир неча омиллар билан изоҳланади.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FАО) томонидан ҳисобланган ўсимлик ёғлари индекси 2020 йилнинг апрель ойидаги 81 банддан 2021 йилнинг февраль ойидаги 147 бандга (81 фоизга ўсиш) ошди.

Ташқи бозорда ва экспорт қилувчи мамлакатларда аввалги мавсумларга нисбатан ишлаб чиқариш ҳажмининг нисбатан пастлиги кузатилмоқда, шу муносабат билан кунгабоқар ёғи ва уруғини экспорт қилиш бўйича юқори божхона тўловлари тартиби жорий этилди.

Шундай қилиб, импорт нархларининг ошишига йирик ҳамкор давлатлар томонидан экспорт чекловларининг жорий этилиши таъсир кўрсатади. Хусусан, Россияда 2021 йилнинг 9 январидан 30 июнига қадар кунгабоқар уруғларини Божхона иттифоқидан ташқарига экспорт қилиш божи 6,5 фоиздан 30 фоизгача, лекин тоннасига 165 евродан кам бўлмаган миқдорда оширилди.

Таъкидлаш керакки, 2020 йилда Россияда кунгабоқар уруғини ишлаб чиқариш 2019 йилга нисбатан 13,7 фоизга камайган. Росстат маълумотларига кўра, ўтган йили Россияда кунгабоқар ёғининг нархи 26 фоизга ошган.

Шу билан бирга, 2020 йили республика саноат-тармоғининг йирик корхоналари томонидан 249 минг тонна ўсимлик ёғи ишлаб чиқарилди, бу 2019 йилга нисбатан 5 минг тонна кўп (2 фоиз). 2021 йилнинг январь—март ойларида эса 78,3 минг тонна ўсимлик ёғи ишлаб чиқарилди, бу 2020 йилнинг январь—март ойларига нисбатан 2,3 минг тоннага кўпдир.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)
Мавзуга оид янгиликлар


Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда ўсимлик ёғи импорти ҚҚСдан озод қилинганидан сўнг қарийб икки баравар ошди