10:00 / 17.05.2021
3 408

Президент Мирзиёевни йиғлатган Сабрина (видео, фото)


Президент Шавкат Мирзиёев Сабрина Инсофалиева билан мулоқот давомида ён дафтарчасига тегишли қайдларни киритмоқда, 2021 йил 14 май.
Президент Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайитининг иккинчи куни, 14 май санасида пойтахтни айланди. Шаҳардаги ўзгаришлар билан танишув тарихий ўзгаришларга ҳақиқий эҳтиёж сезаётган тиббиёт муассасаларидан бошланди.
Жумладан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида, катта эҳтимол билан, узоқ вақт унутилмайдиган учрашув ва суҳбатлар бўлди. Ана шундай суҳбатлардан бирининг қаҳрамони чустлик 18 яшар Сабрина Инсофалиевадир.

Сабрина Инсофалиева (марказда, ниқоби ечилган).
Кадр: «Ўзбекистон 24»

Оёқдан ҳам афзал протез

Феруза Муҳсинованинг сўзларига кўра, қизи «ҳаётда анча қийналган». Ваҳоланки, икки йил аввал ҳам, Сабринанинг айтишича, ҳаммаси яхши эди. Кейин бирдан ўнг оёғи оғриб қолган — унга ўнг сон орқа юзаси нейроген саркомаси ташхиси қўйилган. «Ўзимизнинг, вилоят онкологиясига бордик, даволандик, аммо бўлмади. Кейин бу ерга жўнатишди, уч марта жарроҳлик амалиёти ўтказилди», — дейди у.

Умидбахш операциялар кутилган самарани бермаган: «Оёғимни сақлаб қолишнинг иложи бўлмади, олиб ташлашди», — дейди Сабрина Zo‘r TV’ га берган интервьюсида. Лекин қизгина тушкунликка тушгани йўқ. Тўғри, тан олишича, тунов куни ҳам «касалликдан чиқиб кета олармикинман», деган хаёл уни иккилантирарди. Аммо Президент билан учрашувдан кейин юрагига «жуда катта қувонч кирган».

14 майдаги учрашувда унга таклиф қилинган ҳар бир бемор бола аҳволидан олдиндан хабардор бўлиб келган давлат раҳбари Сабрина билан юзма-юз суҳбатда шундай деганди: «Қизимга бир ваъда бераман — яхши протез олиб келиб бераман. Германияданми, Америкаданми, келтириб бераман, қизим, ўзим назоратга оламан». Сабринанинг тили билан айтганда, Президент: «Дунёдаги энг яхши протезни олиб келиб қўйдираман, оёғингдан ҳам афзал бўлади, дедилар».

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан қўшимча қилишларича, унга чет элдан ўнг чаноқ-сон бўғини протези олиб келинади. Президентдан ваъда олган Сабрина энди яқин ярим йил ичида протези ўрнатилиб, «соғлом болалар қаторига қўшиламан», деб чин кўнгилдан хурсанд бўляпти.


«Албатта ГАИ бўласан!»

Йўл-патруль хизмати, эскичасига айтганда, ГАИ ходими бўлиш — Сабринанинг болаликдан орзуси. Отаси Намозали акага қолса, қиз бола дегани ўқитувчи бўлгани маъқул, боз устига ўқитувчилик — бобокасб. «Президент келармиш деганда, мабодо савол-жавоб қилса, ўқитувчи бўламан дегин, дегандим. Президентимиз келганларида мана, барибир ўзининг айтганини қилиб, ГАИ бўламан дебди, — дейди ота. — Нима ҳам деймиз энди, ниятига етсин!».

Сабрина ниятига қарийб етди ҳам. У Шавкат Мирзиёевнинг кўзларига қараб, «ГАИ бўлмоқчиман» деганида, давлат раҳбаридан тортиб унинг доим жиддий қиёфадаги тансоқчиларигача ҳамманинг юзига самимий кулги югурганини, Президент эса ён дафтарига катта қилиб, «ГАИ» деб алоҳида ёзиб қўйганини, балки, кўргандирсиз. «Албатта ГАИ бўласиз, ГАИ бўлишингиз учун ҳамма шароитни яратиб берамиз», — деганди ўшанда Мирзиёев. Эртасига бу борада биринчи қадам ташланди.

15 май куни ГАИ (ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси) бошлиғи полковник Олим Саидов шахсан ўзи келиб, Сабринага «Йўл посбони» гувоҳномаси ва ЙПХ хизмат либосини топшираркан: «Сизни ИИВ раҳбарияти ва шахсий таркиби номидан Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг фахрий аъзолигига қабул қилинганингиз билан чин қалбимдан муборакбод этаман», — деб табриклади. Шу кундан бошлаб чустлик қизалоқ ЙҲХББ томонидан оталиққа олинди.

Қизиғи, Сабринанинг ўзи ҳам ўқитувчи бўлиш эҳтимоли ҳақида ҳар доим ўйлаган. «Бугунгача ГАИ бўлишимга ишонмаган эдим. Протез билан олишармикин, деган хаёлда юрардим. Нима бўлса ҳам ГАИликка топшириб кўриб, олишса олишди, бўлмаса ўқитувчилик-да, дегандим», — дейди у. Энди бўлса у «орзуларимга эришдим» деб ҳисоблайди. «Орзуларга чин дилдан ишонса, Худодан сўраса, уларга етишамиз», — дейди шу сўзларга жонли мисол бўлган бу қизалоқ.


«Президентимиз ҳам йиғлаб юбордилар»

Феруза опа Президент билан суҳбат вақтида Сабрина икки йиллик даволаниш даврида ўқишдан қолиб кетгани, энди олийгоҳга ўқишга кириш учун репетиторлар хизматидан фойдаланишаётганини ҳам айтиб ўтганди. Давлат раҳбари бу сўзларни ҳам эътибордан четда қолдиргани йўқ. «Қизимни табриклаб, ўқишларини ҳал қилиб бердилар», — дейди муштипар она «Ўзбекистон 24»га берган интервьюсида. «Ўқишга киролмайман, деб юрардим. Президент-отам ёрдам бераман, бугундан талаба бўлдим деб ҳисоблайвер, дедилар», — деди олий маълумотли ГАИ бўлиш истагидаги Сабрина.

Сабрина Инсофалиева ЙПХ хизмат либосида.
Кадр: «Ўзбекистон 24»

«Биз дорилар билан, жарроҳлик йўли билан даволаймиз, лекин психологик даволаш ҳам жуда катта роль ўйнайди. Айниқса, президентимизнинг эътиборлари болаларимизни, беморларимизни даволашда энг катта плюс десам муболаға бўлмайди», — дейди марказ бош шифокори муовини Дилноза Аъзамхўжаева. Шифокор ҳақ — 14 майдан кейин «бошқа дунёга кириб қолгандек» бўлган Сабрина ҳам энди чиндан «касалликни енгиб», «протез оёқда бўлса ҳам» бошқаларга умид бағишламоқчи.

Ёш боши билан шундай оғир хасталикка чалингани, бир оёғидан айрилган бўлса-да, тушкунликка тушмагани, яшашга бўлган кучли интилиши билан Сабрина ҳозир ҳам кўпчиликни «уйғота олади», ҳам тўлқинлантиради. «Худо сабр берган экан, бардошли экансан, ҳали бу касалликни ҳам енгиб ўтишга ишончим комил деб, президентимиз ҳам кўзларидан ёш чиқиб, йиғлаб юбордилар», — дейди давлат раҳбари билан учрашувнинг энг таъсирли лаҳзаларини эслаб Феруза опа.

Ҳозирча фахрий бўлса-да, барибир ГАИ ходимига айланиб улгурган бахтиёр Сабринанинг ўзи эса қўлини чаккасига қўйиб, баралла шундай дейди: «Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан!».

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент Мирзиёевни йиғлатган Сабрина (видео, фото)