09:00 / 19.05.2021
1 961

Тошкент вилоятида икки аёлни Туркияга фоҳишалик қилиш учун жўнатаётган шахс ушланди


Фото: Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати
Ноқонуний миграция ва одам савдосига қарши курашиш бўлими ва Бўка тумани ИИБ тезкор ходимлари томонидан навбатдаги одам савдоси билан боғлиқ ҳолатга чек қўйилди, деб хабар бермоқда Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 13 май куни ўтказилган тезкор тадбир давомида Бўка шаҳрида яшовчи эр-хотин — 1989 йилда туғилган З. ва 1995 йилда туғилган К. (тўрт нафар фарзанди бор, исм-шарифлар ўзгартирилган) исмли шахслар олдиндан жиноий тил бириктириб, Тошкент вилоятида яшовчи моддий жиҳатдан қийналган аёлларга, хусусан, 1999 йилда туғилган М. ва 1994 йилда туғилган М.га Туркияда мўмай даромад тўланадиган иш топиб беришини, ёрдам сифатида йўл харажатларини ўз ҳисобидан қоплаб беришларини ваъда қилади.

Дастлабки суриштирувлар давомида уларнинг мақсади аёлларни Туркия давлатига фоҳишалик учун юбориш эканлиги, З.нинг турмуш ўртоғи К. 2021 йил апрель ойида эри билан олдиндан келишган ҳолда Туркия давлатига жўнаб кетганлиги ва турмуш ўртоғи олиб бориши керак бўлган аёлларни кутиб олиши режалаштирилгани аниқланди.

З. аёлларни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан Тошкент—Истанбул авиарейси орқали Туркияга олиб кетаётган вақтида вилоят ИИББ тезкор ходимлари томонидан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Бўка тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 25, 135-моддаси (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият