23:45 / 27.05.2021
1 780

Муҳим қонун ҳужжатлари аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига қандай етказилади?


Бугун, 27 май куни Миллий матбуот марказида “Қабул қилинаётган муҳим қонун ҳужжатларини кенг аҳоли қатламига ва тадбиркорлик субъектларига етказиш” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда Адлия вазирлиги масъул ходимлари иштирок этиб, муҳим қонун ҳужжатларини кенг аҳоли қатламига ва тадбиркорлик субъектларига етказиш усуллари бўйича тушунтириш беришди.

Таъкидланишича вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига фуқаролардан энг кўп келиб тушган мурожаатлар статистикаси соҳалар кесимида таҳлил қилиниб, мурожаатлардаги муаммоларга ҳуқуқий тушунтиришлар бериш мақсадида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар аҳоли орасида ҳуқуқий тарғибот тадбирларини мунтазам ўтказиш учун масъул давлат органлари ва ташкилотларига етказилмоқда.

Шунингдек вазирлик томонидан аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ҳамда энг кўп берилаётган саволларнинг ҳуқуқий ечимлари бўйича масъул давлат органлари мутахассислари билан биргаликда махсус видеороликлар ишлаб чиқилиб, видеотека шакллантирилди ва YouTube ижтимоий тармоғига жойланиб борилмоқда (https://www.youtube.com/c/Adliya/playlists).
Вазирликнинг “1008” ишонч телефони орқали энг кўп келиб тушаётган мурожаат турларини аниқлаган ҳолда, шу жумладан ёшлар ва аёллар ҳуқуқларига оид тарғибот материаллари (матнли, инфографика, видеоролик) тайёрлаб ва эълон қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилган. 

Тарғибот материалларини тайёрлашда “пакет” усули жорий этилиб, жамият ва давлат ҳаёти учун муҳим қонунчилик ҳужжатлари бўйича аннотация, слайд, инфографика, видеоролик шаклида материаллар яратилмоқда. Бу усул орқали тарғибот тадбирлари жонли мулоқотга айланиши, аҳолининг қизиқиши ортишига эришилмоқда.
Бевосита вазирлик ташаббуси билан яратилган Аdvice ва Аdvice for business порталлари эса аҳолининг ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий муаммоларини тезкорлик билан ҳал қилувчи асосий воситалардан бирига айланиб улгурган.

Бугунги кунда вазирлик томонидан 2 миллиондан ортиқ ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш мақсадида республика бўйича “Ватан тақдири – менинг тақдиримда” мавзусида семинар-тренинглар ташкил этилмоқда. Семинар-тренинглар 2 та йўналишда – таълим муассасаларида ва уюшмаган ёшлар ўртасида ташкил этилади.

Кўпчиликка маълумки, Адлия вазирлиги бошқа идораларнинг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Шунга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбирлари доимий равишда мониторинг қилиниб Ҳукуматга ва Сенатга ахборот киритилмоқда.

Бундан ташқари, аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш, айниқса сайлов қонунчилигига оид ҳуқуқий саводхонликни ошириш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда. Жумладан, сайлов қонунчилигини тушунтириш бўйича содда, равон ва халқчил тилда визуал материаллар, видеороликлар тайёрланиб тарқатилмоқда.

Шунингдек матбуот анжуманида қонун ҳужжатларини “LexUZ” тизими орқали етказиш тизими ва тартиби бўйича маълумот берилди. 
Қайд этилишича, ушбу тизим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Конституциявий суд қарорлари, Олий суд пленуми қарорлари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, суд амалиёти ва бошқа турдаги ҳужжатлар ўзбек (кирилл ва лотин алифбосида) ва рус (қисман инглиз) тилларида эълон қилинади (Кунига ўртача 50 000 киши   фойдаланади).

Ҳозирги кунда “LexUZ”да жами жами 97 637 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд бўлиб, улар ўзбек, рус ва инглиз тилларида эълон қилинган. Ушбу ҳужжатларнинг 11 707 Қонун ҳужжатлари, 13 118 таси Президент ҳужжатлари, 28 212 таси Ҳукумат қарорлари ва фармойишлари, 21 940 таси вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг ҳужжатларидан иборат.

Бундан ташқари вазирлик ҳуқуқий ахборотларни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ижтимоий тармоқлар орқали ҳам анча фаол тарзда етказиб келмоқда. Хусусан, 208 мингдан ортиқ обуначиси бўлган “Ҳуқуқий ахборот” телеграм канали, фейсбукда “Адлия билан мулоқот” гуруҳи, Instagram, Twitter, You tubе ижтимоий тармоқлари орқали доимий етказилиб келинмоқда.
 
                                                                                                          Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Муҳим қонун ҳужжатлари аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига қандай етказилади?