11:16 / 14.06.2021
2 402

Бўлажак келинлар қайнона масаласида қандай фикрда?


Қиз бола хонадон фариштаси, отасининг эркаси, онасининг дардкаши, меҳрибони, балоғатга етгач эса ўзга бир оиланинг бўлажак келинидир. Улар ота уйида меҳрга тўлиб, худди қуёш нуридан баҳра олиб ўсган ниҳолдек ўсиб -улғаяди. Оналаридан ёки бувижонларидан келинлик сир-асрорларини ўрганади. Борадиган жойида «тошдек қотиши»да энг муҳим ўринда бўладиган қайнона билан қандай муносабатда бўлиш кераклиги ҳақидаги маслаҳатларни эшитиб боради. Хўш, ҳозирги қизларимиз айни масалага -қайнона –келин муносабатларига қандай қарайди?

Яқинда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети талабаси Хонзода Ҳусанова кўмагида юқоридаги ва «Бўлажак келинлар қайнона билан яшашни хоҳлайдими» деган саволлар доирасида вилоят кутубхонасида олий ўқув юртларининг қабул синовларига тайёргарлик кўраётган абитуриент қизлар ўртасида кичик сўровнома ўтказдик. Рости, жавоблар натижасига кўра қайнона билан яшашни орзу қилганлар кўпчиликни ташкил этди-ю, аммо бу борада жуда оз бўлсада, афсуски, аксинча фикр айтганлар ҳам қайд этилди.

«Албатта, қайнонам билан яшашни хоҳлайман. Чунки янги оиламизнинг бахтли, файзли бўлишида у кишининг кўрсатмалари, ҳаётий тажрибалари жуда ҳам керак».
«Турмушдаги турли вазиятлардан адашмай чиқиб кетишда қайнонамга суянаман».
«Ёш келинлар учун турмушнинг паст-у баландини ўзлаштириб олишида қайнонанинг ёрдами алоҳида аҳамиятга эга».
«Қайнона билан бирга яшаш, унинг иззат-ҳурматини жойига қўйиш ўзбек оиласининг азалий қадрияти, момоларимиздан қолган мерос, миллийлигимизнинг ўзига хос, такрорланмас жиҳатику... Шундай экан, мен албатта қайнонам билан яшайман ва унинг орзусидаги келин бўламан ”.
«Қайнонали келин қарқара келин, қайнонасиз келин масқара келин, саволингизга жавобим шу».
«Орзуим қайнонали хонадонга келин бўлиш ва ўзим ҳам келажакда келин олиб, оқила қайнона бўлиш...»

Булар қайнона билан бирга яшашни ўзларининг қизлик бурчи деб билан кўпчилик респондентларнинг жавобларидан мисоллар эди.

Энди қайнонадан айри яшашни истаётган айрим бўлажак келинларнинг ҳам фикрларини келтирамиз:
«Қайноналар фарзанди(ўғли)ни келинидан қизғонади, шунинг учун оилада кўп жанжаллар келиб чиқаради деб кўп эшитганман, шунинг учун ўзим мустақил келин бўлиб яшашни хоҳлайман».
«Киносериаллар орқали бошқа халқларда қайнона –келин бирга яшамаслигини кўриб, шундай фикрга келганман».
«Телевидениеда намойиш этилаётган миллий сериалларимиздаги воқеаларнинг аксарияти қайнона-келинларнинг келишмовчилиги ҳақида. Шуларни кўрибми, эрта-бир кун келин бўлсам, мен ҳам шундай муаммо, можароларга дуч келсам-а деган хавотир туфайлими, билмадим, қайнонасиз келин бўлиш ҳақида орзу қиламан»...

Ҳа, мана шундай гаплар.Ҳақиқатан ҳам ёш қизларнинг бундай фикрларга келишига ойнаи жаҳонда бериб борилаётган оила ҳақидаги, 80-90 фоиз воқеалари жанжалли сериаллар, кўрсатувлар таъсир қилмаяптимикан? Тўғрида, телевизорни ёқишади, қайсидир каналда қайнонаси билан яшай олмай ёинки қайнонасиз яхши яшаётган келинлар табассум қилиб чиқиб туради ёки қайсидир бир кўрсатувда қайнонаси билан жанжал қилиб, оиласи ўхшамаганлар кетма-кет чиқаверади. Бундай оқибати чуқур ўйлаб кўрилмай экранлаштирилган сюжетлар ёш қизларимизнинг оила, миллий хонадонимиз борасидаги қарашларини бузмасдан, яна кимнинг онгига путур етказсин, ахир?!

Ҳаттоки, қайсидир каналда сериал бўлаётган бир пайтда бизнинг менталитетимизга зид бўлган кадрлар ҳам эфирга чиқиб кетади.Момоларимнинг айтишича, авваллари киноларда келин-куёвнинг тўшагини ўзларидан бошқа ҳеч ким кўрмас экан. Энди эса ана ўша муқаддас ва оиланинг қўшқаватли пардаси остидаги гўшаси ҳам қайси сериални кўрманг, бемалол оммага ошкора қилинмоқда. Ҳолбуки, эр-у хотиннинг бу маскани дахлсиз ва фақат ўзларигагина тегишли бўлмоғи ўзбек оиласининг азалий қонун –қоидаси, уят деган энг олий қадриятларимиздан бирининг ҳаётий мисоли бўлиб келган.

Тўғри, мўъжаз сўровномамиз натижасига кўра баён этилаётган мавзуни жуда долзарб масала даражасига кўтармоқчи эмасмиз.Лекин не иложки, ушбу мақоламизга бир-икки нафар бўлсада, миллий оиламиз қадриятларидан воз кечмоқчи бўлган замондош дугоналаримиз ҳам борлиги қайд этилгани боис, ҳали сезилар-сезилмас, билинар-билинмас бу қарашлар эрта бир кун янада кенгайиб кетмасмикан деган савол ва хавотир билан нуқта қўйишга мажбурмиз.

Сурайё КEЛДИБEКОВА,
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар
 университети талабаси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бўлажак келинлар қайнона масаласида қандай фикрда?