12:56 / 21.06.2021
1 411

«Ўзбекистон яқин ойларда 2020 йилнинг ёзидаги каби даҳшатни бошдан кечириши мумкин» — шифокор коронавируснинг тарқалиши яна кучаяётгани ҳақида

«Ўзбекистон яқин ойларда 2020 йилнинг ёзидаги каби даҳшатни бошдан кечириши мумкин» — шифокор коронавируснинг тарқалиши яна кучаяётгани ҳақида

Фото: Repost
Шифокор Азизбек Болтаев Ўзбекистонда яқин ойларда 2020 йилнинг ёзида юз берган коронавирус билан боғлиқ яна ўша даҳшат қайтарилиши кутилаётганини айтди.

«Мен Ўзбекистонда коронавирус билан касалланиш ортиши янги йилга тўғри келади деб тахмин қилгандим. Аммо бу ҳозир содир бўляпти. Буни қуйидагича изоҳлаш мумкин. Ўтказилган сўнгги тадқиқотларга кўра, бемор коронавирусга чалинганидан кейин унда 7 ойгача вирусга қарши иммунитет пайдо бўлади, кейин эса қонда антитаналар миқдори кескин камаяди ва қайта касалланиш хавфи ортади», — деб ёзган у ўзининг Telegram каналида.

«Тахминимча, (Ўзбекистонда ушбу гипотезани тасдиқловчи тадқиқотлар ўтказилмаган) ўтган йили аҳолининг аксарияти коронавирус билан касалланди ва бизда жамоавий иммунитет шаклланди. Эндиликда бу иммунитет табиий равишда йўқ бўлмоқда, худди грипп ва бошқа кўплаб юқумли касалликларга нисбатан иммунитет вақт ўтиши билан йўқолганидек», — деган шифокор.

Унинг фикрича, бутун дунё мамлакатлари каби Ўзбекистон ҳам шошилинч равишда аҳолини коронавирусга қарши эмлаши керак.
«Аммо бизда вакцинация билан боғлиқ вазият қандай? Дунё бўйича биринчи вакцинани ўртача 20 фоиздан ортиқ аҳоли олди. Ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич 50-70 фоизни ташкил қилди. Ўзбекистонда 15 июнга келиб аҳолининг узоғи билан 5 фоизи вакцинанинг биринчи дозаси билан эмланди. Дунё мамлакатларидан беш баравар, қўшни Қозоғистондан эса икки баравар ортда қоляпмиз. Бу яққол кўриниши учун графикда келтираман. Айтмоқчи, унга қараб қанчалик ривожлан(ма)ган давлат эканимиз аниқроқ кўриш мумкин», — деган Болтаев.

Фото: Telegram / @DoctorBoltaev
Унинг қўшимча қилишича, коронавирус бўйича ҳукумат комиссияси бошчилигидаги Соғлиқни сақлаш вазирлигига пандемияга қарши чораларини ёмон ташкил этгани, ўтган йилги қийинчиликлардан тегишли хулоса чиқармагани, шунингдек, вакцинация кампаниясини очиқчасига заиф ташкиллаштираётгани учун икки баҳо берилиши керак.
Болтаевнинг сўзларига кўра, эмлаш кампаниясини қуйидагилар орқали кучайтириш зарур:
  • зарур дозадаги вакцинани тезда сотиб олишни таъминлаш учун катта молиявий ва дипломатик ресурсларни йўналтириш;
  • анча вақт олдин ваъда қилинган «Спутник V» вакцинасини маҳаллий ишлаб чиқарилишини тезлаштириш;
  • вирусни нейтралаштирувчи антитаналарга эга бўлмаган аҳолининг айрим гуруҳлари (шифокорлар, «формадаги одамлар», ўқитувчилар / тарбиячилар, давлат хизматчилари) учун вакцинасияни мажбурий қилиш;
  • вакцинация ҳуқуқига эга бўлган тоифадаги фуқароларга чекловларни олиб ташлаш — эмланишни истаган ҳар бир киши зудлик билан бундай имкониятни олиши.
Шунингдек, ёпиқ муассасаларда оммавий тадбирларни ўтказишни тақиқлаш кераклигини ҳам қўшимча қилган.
Бошқа чора-тадбирлар қаторида ниқоб режимини давлат амалдорларининг шахсий намунаси орқали кучайтириш, бепул ниқобларнинг кенг миқиёсда таъминлаш, ниқоб режими устидан ҳуқуқ-тартибот органлари назоратини кучайтириш ва режимни бузганлик учун жарима чоралари муқаррарлигини таъминлаш кабиларни келтирган.

«Вакцинасия даражаси пастлиги, шунингдек, ниқобдан фойдаланишнинг камайганлигини (бу борада ҳам тадқиқот йўқ бўлса ҳам, шахсий кузатувларимга кўра, ҳозирда ниқобдан аҳолининг 10 фоизидан камроғи фойдаланади) эътиборга олиб, Ўзбекистонни яқин ойларда ўтган йили ёзида бошдан кечирган даҳшат кутмоқда. Эслатиб ўтаман: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган йили коронавирусдан атиги 614 киши вафот этганини маълум қилган, расмий статистик маълумотларга кўра, 2020 йилда Ўзбекистонда сўнгги 5 йилга қараганда 21 мингтага кўп ўлим ҳолатлари қайд этилган», — дея сўзларини якунлаган шифокор.

Айни пайтда мамлакатда кунлик касалланиш ҳолатлари сони яна ортиб бормоқда. 20 июнь куни 427 кишида, 19 июнь куни 415 кишида, 18 июнда 391 кишида, 17 июнда 385 киши, 16 июнда 371 киши, 15 июнда 350 кишида коронавирус тасдиқланди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » «Ўзбекистон яқин ойларда 2020 йилнинг ёзидаги каби даҳшатни бошдан кечириши мумкин» — шифокор коронавируснинг тарқалиши яна кучаяётгани ҳақида