00:00 / 16.07.2021
1 554

«Ҳукумат эмланмаганларнинг эркини чеклаши керак» — Алишер Қодиров

«Ҳукумат эмланмаганларнинг эркини чеклаши керак» — Алишер Қодиров

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров ташкилотларда ходимларга коронавирусга қарши эмлашни мажбурий қилиб қўйиш мумкинлиги ҳақида таъкидлади. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар қилмоқда.

Депутатнинг қайд этишига кўра, Меҳнат кодексининг 212-моддасига мувофиқ иш берувчи ходимларнинг касаба уюшмаси билан келишган ҳолда меҳнат жамоасининг манфаатларидан келиб чиқиб, ходимга мажбурият юклаши мумкин.

«Ташкилот меҳнат жамоасининг соғлом меҳнат фаолиятини таъминлаш мақсадида ходимларига коронавирусга қарши эмланишни мажбурий қилиб қўйса бўлади. Қолаверса, ҳар биримизни бизга хизмат кўрсатаётган банк ходими, сотувчи, ҳайдовчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари, тиббиёт ва таълим соҳаси ходимларини касаллик тарқатувчи эмаслигини кафолатланишини талаб қилишга ҳақимиз бор», — деди у.

«Миллий тикланиш» партияси раҳбарининг таъкидлашича, «эмланмаганларнинг эркини чеклаш керак».
«Вакцина олишга мажбур эмассиз. Лекин хавфсизликни таъминлаш асосий вазифаси бўлган, бизнинг ишончимиз билан ваколатли бўлган ҳукумат, эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида эмланмаганларнинг эркини чеклаши керак.
Ҳар биримиз эркин, лекин жамият олдида мажбуриятлари бўлган фуқаро эканимизни унутмаслигимиз керак. Бугунги кунга келиб инсоният ишонч билан суянаётгани — медицина биргина вируснинг давосини топиб беролмади. Бу ҳали муҳокама қилиниши ва тегишли баҳо берилиши керак бўлган жиддий масала, бу кейинги мавзу», — дейди Алишер Қодиров.

Депутат, шунингдек, вирусни енгишнинг ягона йўли вакцинация эканини таъкидлади.
«Ҳозирча вирусни иҳоталашнинг якка-ю ёлғиз йўли эмланиш экан, аввало, ўзимиз ва яқинларимизнинг, қолаверса, атрофимиздагилар хавфсизлиги учун эмланишимиз шарт», — дея қўшимча қилди Алишер Қодиров.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » «Ҳукумат эмланмаганларнинг эркини чеклаши керак» — Алишер Қодиров