13:25 / 24.07.2021
2 457

Ўзбекистонлик ўқувчилар математика ва биология фани бўйича Халқаро олимпиада ғолиби бўлишди


Нуфузли олимпиадалар сирасига кирувчи Халқаро математика олимпиадаси (International Mathematical Olympiad (IMO) ва Халқаро биология олимпиадаси (International Biology Olympiad (IBO)да иштирок этган ўзбекистонлик ўқувчилар 2та олтин, 2та кумуш ва 1та бронза медални қўлга киритди. Бу ҳақида Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.


14-24 июль кунлари дунёнинг 110 давлатидан 623 нафар ўқувчилар иштирок этган 62-Халқаро математика олимпиадаси (IМО) натижалари эълон қилинди.

Натижаларга кўра, Бухоро вилояти 5-ИДУМ ўқувчиси Диёрбек Толипов кумуш медални, Бухоро вилояти Халқаро математика мактаби ўқувчиси Олимжон Олимов бронза медални ва мазкур мактаб ўқувчиси Дониёр Исмоилов имтиёзли дипломни қўлга киритди.

Шунингдек, 18-23 июл кунлари дунёнинг 76 та давлати ўртасида ўтказилган 32-Халқаро биология олимпиадасида ўзбекистонлик ўқувчилар 2 та олтин, 1 та кумуш медални қўлга киритди:
  • Ҳумоюн Норбеков -ЖДПИ академик лицейи 2-босқич ўқувчиси - олтин медал;
  • Азиза Абдувалиева -ТПТИ академик лицейи 1-босқич ўқувчиси - олтин медал;
  • Ёрқинбек Турдибоев -Навоий вилояти 11-ИДУМ ўқувчиси - кумуш медал.
Айни кунларда ўзбекистонлик ўқувчилар Халқаро физика ҳамда кимё олимпиадаларида ҳам иштирок этмоқда.

Президентнинг фан олимпиадалари ғолибларини рағбатлантириш борасидаги қарорига кўра, нуфузли фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:
1-ўрин (олтин медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари (122,5 млн. сўм), ўқитувчисига – 450 баравар (110,25 млн. сўм);
2-ўрин (кумуш медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари (73,5 млн. сўм), ўқитувчисига – 250 баравар (61,25 млн. сўм);
3-ўрин (бронза медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари (49 млн. сўм), ўқитувчисига –150 баравар (36,75 млн. сўм).

Халқаро фан олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва таълим муассасаси директорлари навбатдаги ўқув йили учун директор жамғармасидан қуйидагича қўшимча устама олади:
1-ўрин (олтин медаль) учун – 200 фоиз;
2-ўрин (кумуш медаль) учун – 175 фоиз;
3-ўрин (бронза медаль) учун – 150 фоиз.

Юқоридаги нуфузли халқаро олимпиадаларда медални қўлга киритган ўқувчилар олий таълим муассасаларига имтиҳонларсиз имтиёзли равишда қабул қилинади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонлик ўқувчилар математика ва биология фани бўйича Халқаро олимпиада ғолиби бўлишди