21:00 / 25.07.2021
5 887

Ўзбекистонда «загранпаспорт» 20 фоизга арзонлашади


Ўзбекистонда 2022 йил 1 январдан бошлаб бир қатор давлат хизматлари учун ундириладиган тўловлар камайтирилади ва айримлари учун тўловлар бекор қилинади. Бу Президентнинг 24 июлдаги тегишли фармонида белгилаб қўйилган, дея хабар бермоқда «Gazeta.uz».

Жумладан, 2022 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон фуқароларига хорижга чиқиш учун биометрик паспорт («загранпаспорт», «қизил паспорт») олиш хизмати нархи базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 1 баравари (25 июль ҳолатига кўра — 245 минг сўм) этиб белгиланмоқда. Ҳозирги вақтда ушбу хизмат учун тўлов миқдори БҲМнинг 1,2 баравари (25 июль ҳолатига кўра — 294 минг сўм)га тенг.

Тадбиркорлик субъектларига давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисида янги намунадаги гувоҳнома бериш хизмати ҳақи БҲМнинг 1 бараваридан 20 фоизи (49 минг сўм)гача, адвокатлик бюролари, адвокатлик фирмалари ва адвокатлар ҳайъатларини давлат рўйхатидан ўтказиш БҲМнинг 2 баравари (490 минг сўм)дан 1 бараваригача пасайтирилади.

Шунингдек, хусусий бандлик агентликлари реестрига киритиш янги тартиб билан бепул амалга оширилади — амалдаги тартиб бўйича ушбу хизмат ҳақи БҲМнинг 1 баравари (245 минг сўм)га тенг эди.

Бундан ташқари, ҳужжат билан 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматларини кўрсатганлик учун ундириладиган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларнинг давлат хизматини кўрсатиш учун масъул давлат органлари ва ташкилотлари ҳисобига йўналтириладиган қисмининг камида 20 фоизи ушбу ташкилотда ахборот технологияларини ривожлантириш, шунингдек, қоғоз кўринишдаги ҳужжатларни рақамлаштириш учун йўналтирилиши белгилаб қўйилган.

Молия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда давлат органлари ва ташкилотларида мазкур маблағларнинг ахборот технологияларини ривожлантириш, шунингдек, қоғоз кўринишдаги ҳужжатларни рақамлаштириш учун йўналтирилишини доимий равишда мониторинг қилиб боради.

Маълумот учун, 2021 йил 1 январдан бошлаб ўзбекистонликлар чет элга фақат «қизил паспорт» билан чиқиши тартиби жорий этилган. Қайд этиш жоиз, Ўзбекистонда 2021 йил 1 июндан бошлаб бундай паспортни расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда «загранпаспорт» 20 фоизга арзонлашади