14:50 / 09.08.2021
6 482

Журналистни обрўсизлантириш мақсадида тарқатилган Olmazor City’даги видеони ким олгани аниқланди


Феруза Нажмиддинова.
Фото: Instagram / @f.najmiddinova.qalampiruz

7 август куни ижтимоий тармоқларда журналист Феруза Нажмиддиновани обрўсизлантиришга қаратилган видео тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Олий Мажлиси Сенати, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати расмий баёнот берди, қатор журналистлар муносабат билдирди. Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаровнинг маълум қилишича, Olmazor City’даги ҳолатни тасвирга олган фуқаронинг шахси аниқланган.

Маълум қилинишича, Журналистлар ижодий уюшмаси 7 августдаги расмий баёнотида мазкур ҳолат юзасидан суриштирув бошлаган, «Qalampir.uz» сайти ва Олмазор City’га чиқиб, вазиятни тўлиқ ўрганган. 8 август куни уюшма масъуллари нашр таҳририятида бўлиб, сайт раҳбари ва жамоаси, жумладан, Феруза Нажмиддинова билан мулоқотда бўлган.

«Уюшма вакиллари ижтимоий тармоққа тарқалиб кетган ана шу номақбул видео ва фото материалларни суратга олган фуқаро М.П. билан мулоқотда бўлиб, ҳолат юзасидан батафсил ахборот олишди. Маълум бўлишича, Олмазор тумани Янги Олмазор кўчасидаги уйлардан бирида яшовчи М.П. қарама-қарши жойлашган уйнинг очиқ балконида рўй бераётган ишқий муносабат ҳолатини тасвирга олиб, Olmazor City мажмуасининг қоровули В.га ташлаб берган. В. эса, ўз навбатида, видеони профилактика инспекторига юборган», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ижтимоий тармоққа тарқалиб кетган ишқий муносабат билан боғлиқ фото ва видеоматериаллар аслида ахлоқсизликларни бартараф этиш учун ҳуқуқ-тартибот органларига топшириш мақсадида тасвирга олинган. «Лекин видеотасвирлар қабиҳ кишиларнинг қўлига тушиб, журналист аёлни обрўсизлантириш учун қўлланилган», — дея таъкидлайди Олимжон Ўсаров.

Уюшма раисининг ҳисоблашича, монтаж қилинган видеотасвирлар журналист Феруза Нажмиддиновага қарши қўлланилгани унинг касб фаолияти билан бевосита боғлиқ.

«У сўнгги пайтларда инсон ҳуқуқлари, аёлнинг жамиятдаги ўрни, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлидаги сунъий тўсиқлар ҳақида қатор танқидий-таҳлилий материаллар эълон қилиб келаётган эди. Фикримизча, видеоролик буюртмачиси шу каби танқидий материаллар ‘қаҳрамон’ларидан бири бўлиши мумкин.

Интернет тармоғида бу каби салбий ҳолатларнинг давом этишига йўл қўймаслик учун, шунингдек, сўз эркинлиги, оммавий ахборот воситалари вакилларини ҳимоя қилиш мақсадида қатъий чора-тадбирлар кўрилиши мақсадга мувофиқ. Асосийси, вазиятга тегишли ҳуқуқий баҳо берилиб, қилмишни содир этган шахслар, албатта, жавобгарликка тортилиши шарт», — деб ёзади Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Журналистни обрўсизлантириш мақсадида тарқатилган Olmazor City’даги видеони ким олгани аниқланди