
Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан 15 август куни телефон орқали мулоқот қилиб, Афғонистонда юзага келаётган вазият бўйича фикр алмашди.
Россия президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, суҳбатда Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши атрофлича муҳокама қилинди. Шуни ҳисобга олган ҳолда, Россия ва Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олинди. Давлат раҳбарлари бундан кейин ҳам ўзаро мунтазам алоқаларни давом эттиради.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг қайд этишича, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасида икки мамлакатнинг тегишли идоралари ўртасида яқин алоқалар ва ҳамкорликни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди.
Суҳбатда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, Президентлар 5 июль куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Афғонистоннинг шимолий ҳудудларидаги аҳвол ёмонлашиши муносабати билан Марказий Осиёдаги вазиятнинг ривожига алоҳида тўхталиб ўтиб, Ўзбекистон ва Россиянинг ваколатли идора ва ташкилотлари ўртасидаги мунтазам мулоқотлар ва яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олганди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар