
«Миллий тикланиш» демократик партиясидан Президент сайловида иштирок этиш учун номзоди кўрсатилган Алишер Қодиров ўзининг Telegram’даги канали орқали уни қўллаб-қувватлаш учун мажбуран имзо тўпланаётгани тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқларда мактаблардаги ўқитувчи ва тарғиботчилар «Миллий тикланиш» ДП томонидан президентликка номзод Алишер Қодировни қўллаб-қувватлашга доир имзо варақасини уйма-уй юриб, тўлдиришлари талаб қилингани айтилган хабар тарқалди.

Скриншот: Telegram
Алишер Қодировнинг таъкидлашича, ушбу имзо варақалари умумий рўйхатдан чиқариб ташланади.
«Президентликка номзодларни қўллаб-қувватлаш учун имзо йиғишда мажбурлаш бўлмаслиги керак. Сизнинг имзонгиз — ҳуқуқингиздир. Сизни мажбурлашларига йўл қўйманг. Юқоридаги ҳолат қайси тумандаги қайси мактабда содир бўлгани аниқланади ва тасдиқланса, ушбу имзо варақалари умумий рўйхатдан чиқариб ташланади», — деб ёзади партия раиси.
Алишер Қодиров имзо йиғиш жараёнида партия фаоллари томонидан босимга учраган шахсларни @alisherqodirov_bot манзилига маълум қилишларини сўраган.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунчиликка кўра, сиёсий партия томонидан тақдим этилган имзо варақалари Ўзбекистон жами сайловчиларининг умумий сони камида бир фоизининг, камида саккизта маъмурий-ҳудудий тузилма намояндаси бўлган сайловчиларнинг имзосини қамраб олган бўлиши керак. Маъмурий-ҳудудий тузилмалардан бирида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри) сиёсий партия имзолар умумий миқдорининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар