08:00 / 24.08.2021
2 307

«Жарималар миқдори оширилиши ночор қатламни кўпайтириши мумкин»

«Жарималар миқдори оширилиши ночор қатламни кўпайтириши мумкин»
Халқ демократик партияси (ХДП) Ўзбекистонда 2021 йил 1 сентябрдан иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдори ошиши билан бирга базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) ҳам ўзгариши туфайли йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори ҳам кўтарилишига муносабат билдирди.

Партия хабарида таъкидланишича, ойлик оширилиши билан бир вақтда БҲМ ва тўланадиган жарималар ҳажми ошиши жамоатчиликда «ойликлар билан бир пайтда жарималар ҳам, нарх-наво ҳам ошса, бу тарзда ўзгаришдан нима фойда?» деган мазмунда фикрларга сабаб бўляпти.

«Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа 440 минг сўм. Машинада светофорнинг қизил чироғидан ўтиб кетилса, 540 минг сўм, машинани белгиланмаган жойга қўйилса ҳам 540 минг сўм жарима тўланади.

Тўғри, базавий ҳисоблаш миқдори давлат мукофотлари, унвонлар, эсдалик нишонлар учун назарда тутилган мукофот миқдорларини, озиқ-овқат, йўлкира учун харажатлар қийматини қоплаш, ободонлаштириш ходимларининг озиқ-овқати БҲМнинг бир баравари миқдорида компенсациялар миқдорини белгилашда ҳам қўлланилади. Лекин фуқароларнинг қанча қисми ёки неча фоизи бундан фойдаланади?

БҲМнинг ошиши тор доирадаги қатламга манфаатли бўлиши мумкин, аммо жарималар ва бошқа миқдорларнинг ошиши барчага бирдек қийинчилик туғдириши мумкин. Иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан, пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдори эса минимал истеъмол харажатидан келиб чиқиб белгиланса, унда БҲМни ошириш зарурмикан?
», — дейилади партия хабарида.

ХДПга кўра, коронавирус пандемияси шароитида аҳолининг даромадлари камайиб кетган, кундалик эҳтиёжларини қоплашга етмай турган бир пайтда жарималар миқдорининг оширилиши жамиятда ночор қатламнинг кўпайишига олиб келиши мумкин.

Партия ойлик, нафақа ва пенсиялар миқдорини оширганда, тегишли мутахассис ва мутасаддилар БҲМни кўтариш масаласини ҳар томонлама таҳлил қилиб кўриш зарурлигини илгари сурган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Жарималар миқдори оширилиши ночор қатламни кўпайтириши мумкин»