20:00 / 30.08.2021
2 908

Тадбиркор Зафар Ҳошимов Шавкат Мирзиёевга: «Сизни тадбиркорлар президенти, дейман»

Тадбиркор Зафар Ҳошимов Шавкат Мирзиёевга: «Сизни тадбиркорлар президенти, дейман»
Кўксаройда 30 август, душанба куни бўлиб ўтган бир гуруҳ турли соҳа вакилларини тақдирлаш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев korzinka.uz супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимовга «Дўстлик» орденини топширди. Таниқли ишбилармон ўз навбатида давлат раҳбарига миннатдорлик билдирди, дея хабар бермоқда «Дарё» нашри.

«Ушбу мукофотни мен 5 минг нафар ходимдан иборат жамоамиз номидан қабул қиляпман. Ҳозир ахборот чақмоқдан тез тарқалади, мукофотлаш тўғрисидаги фармонни ўқигач, хурсанд бўлиб уйдагиларга хабар бераман, деб борсам, уйда байрам аллақачон бошланган экан. Оила аъзоларимнинг ҳаммалари хурсанд. Ота-онам «Мана, бизнинг уйга ҳам орден келди», деб қувонишди. Шунда мен ушбу мукофотга улар муносиброқ эканликларини айтдим. Отам қўлларини дуога очиб, «Бунга яна бир одам сабабчи», деб сизни жуда кўп дуо қилдилар. Уларнинг миннатдорликларини сизга етказиб қўймоқчиман.

Мен бугун бу ерда тадбиркорлар вакили сифатида турибман. Сўнгги 5 йилда тадбиркорлар синфи жадал кенгайиб бормоқда. Уларнинг вакили сифатида бу ерда туриш мен учун жуда катта ғурур», — деди Ҳошимов.

У Президентнинг тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқоти ҳақида ҳам гапирди.

«Мана, сизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотингизда мен учун кутилмаган бир ҳолат бўлди. Чунки биз, тадбиркорлар, таклифларимизни ёзиб келиб, уларни билдирсак, кейин сиз ўйлаб кўришингиз, бу бўйича тегишли масъулларга топшириқ берсангиз керак, деб ўйлаган эдим. Шу сабабли 18 та пунктдан иборат таклифларимни ёзиб келгандим. Маърузангизни бошлаганингизда бирин-кетин 7 та йўналишда янгиликларни айтиб ўтдингиз, таклифларимни ўчириб ўтирдим. Қарасам, ҳеч бир таклифим қолмабди. Тадбиркорларнинг дарди, иштиёқларини шу даражада билишингиз сабаб мен сизни тадбиркорлар президенти, дейман.

Ўзингиз ҳам таъкидладингиз 1,5 миллион тадбиркор 5 миллион иш ўрни яратибди деб. Ўша 5 миллион инсоннинг ҳам оиласи бор. Тадбиркорга бундай ғамхўрлик аслида халқ ҳақида ғамхўрлик. Бу икки томонлама манфаатли бўлиши лозим. Яъни сиз биз тадбиркорларни оғир довонлардан ўтказиб бердингиз: йўлларимиз равон, равшан, қўлимиз узун. Мана энди биз ҳам бунга жавобан шу ривожланиш йўлида жадал, ҳалол ишлаб, сидқидилдан хизмат қиламиз, деб сўз берамиз.

Шунингдек, яна бир эътирофим бор эди. Марҳум санъаткорлар, адабиёт вакилларимизни мукофотлаш ҳақида фармонингиз ҳам чиқди. Менинг ота-онам уларнинг мухлислари бўлишган. Фахриддин Умаров, Камолиддин Раҳимов, Обид Асомов, Ботир Зокиров каби эл ардоғидаги санъаткорларимизга мукофот тайинлаганингиз учун раҳмат айтишди», — деди тадбиркор.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тадбиркор Зафар Ҳошимов Шавкат Мирзиёевга: «Сизни тадбиркорлар президенти, дейман»