22:34 / 30.08.2021
3 025

«Ноёб овозга эгалигининг ўзи қаҳрамонлик» – Шавкат Мирзиёев

«Ноёб овозга эгалигининг ўзи қаҳрамонлик» – Шавкат Мирзиёев
Кўксарой қароргоҳида 30 август, душанба куни бўлиб ўтган бир гуруҳ турли соҳа вакилларини тақдирлаш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиевага «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонини бериб, олий нишон — «Олтин юлдуз» медалини топширди. Шундан сўнг давлат раҳбари мақом санъати ҳамда Муножот Йўлчиева ҳақида ўз фикрларини билдирди, дея хабар бермоқда «Дарё» нашри.

«Муножотхон ноёб овози, бетакрор ижро маҳорати, ўзбек аёлига хос гўзал фазилатлари билан ҳаммамизнинг муҳаббатимиз, ҳурматимизни қозонган. Мен нима учун кўпроқ мақомга эътибор бераман? Санъатни тушунган инсон биладики, барча санъат мақомдан пайдо бўлади. Мақомни ўрганиб, унинг ичига кириб, санъаткор бўламан, деган одам мақомни билиши керак.

Ҳар бир инсон Муножотхонни кўрганида ғурур билан ўз онаси, синглисини, гўзал фазилатли ўзбек аёлини кўргандек бўлади. Кўп йиллардан бери атрофимдаги инсонлар «Санъаткорларга ҳам ‘Ўзбекистон Қаҳрамони’ унвонини берса бўладими, ўйлаб кўринг», дейишар эди. Ўйлаб-ўйлаб шу фикрга келдим: уларга бу унвонни бериш мумкин, бериш керак.

Муножатхоннинг ноёб овозга эгалиги, ҳозиргача ҳам ўз устида ишлаши, тартиб-интизом билан консерваторияда ёшларга таълим беришларининг ўзи қаҳрамонлик. Мен ўйлайманки, ушбу эътироф, эҳтиром ҳали жуда катта куч беради. Келажакда, авваламбор аёлларимиз, қизларимизга, мақомчиликдаги ижро маҳорати бўйича эса ўз устиларида ишлаши жиҳатидан ёшларга ўрнак бўласиз, деган катта умид билан сизни табриклайман. Келгусида айни соҳа бўйича ниятларим жуда кўп, насиб қилса биргаликда амалга оширамиз», — деди Президент.

Маълумот учун, Муножот Йўлчиева 1960 йилда Андижон вилояти Булоқбоши туманида дунёга келган. У АҚШ ва Буюк Британиянинг ўнлаб шаҳарларида, шунингдек, Япония, Хитой, Корея, Ҳиндистон, Италия, Швейцария, Бразилия, Германия, Испания, Бельгия, Франция, Россия, Ҳиндистон сингари давлатларда гастрол концертларини тақдим этган. 1997 йилда Шарқ тароналари 1-халқаро мусиқий фестивалида 1-ўринни қўлга киритган. 1994 йилда Ўзбекистон халқ артисти, 1998 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган. Муножот Йўлчиева бугунги кунда Ўзбекистон давлат консерваториясида кафедра мудири лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Ноёб овозга эгалигининг ўзи қаҳрамонлик» – Шавкат Мирзиёев